Марказий Осиё ва Корея: стратегик шерикликнинг янги уфқлари
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 16 сентябрь куни Сеул шаҳрида биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Унда минтақа ҳаётига оид бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитидаги нутқи минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни қамраб олди. Унда иқтисодий шериклик билан бир қаторда технология, таълим, иқлим, рақамли хавфсизлик ва ёшлар масаласига ҳам устувор аҳамият берилди.
Бугун дунёда иқтисодий ва технологик ўзгаришлар жуда тез кечмоқда. Сунъий интеллект меҳнат бозорига таъсир кўрсатяпти, иқлим ўзгариши янги хавфларни юзага келтирмоқда, мамлакатлар эса замонавий ишлаб чиқариш ва рақамли инфратузилма учун рақобат қиляпти. Бундай шароитда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик фақат савдо ёки инвестиция билан чекланиб қолмаслиги керак.
Президент нутқида ана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, Марказий Осиё ва Корея Республикаси муносабатларини узоқ муддатли стратегик шериклик асосида ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, Марказий Осиё бугун 80 миллиондан зиёд аҳолига эга, иқтисодий ўсиш суръатлари 6 фоиздан юқори бўлган ва ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ошган макон сифатида шаклланмоқда. Корея Республикаси эса замонавий технологиялар, инновация ва илм-фанга асосланган ишлаб чиқариш соҳасида катта тажрибага эга. Ана шу икки салоҳиятнинг уйғунлиги янги ҳамкорлик имкониятларини юзага чиқаради.
Асосий масала — келгуси ўн йилликларда қандай иқтисодиёт қурилади, қандай технологиялар ўзлаштирилади, қандай мутахассислар тайёрланади ва минтақанинг глобал иқтисодиётдаги ўрни қандай шаклланади, деган стратегик вазифаларга кўчмоқда.
Президент нутқидаги энг муҳим ғоялардан бири — узоқ муддатли режалаштириш масаласи. Дунёдаги ўзгаришлар тезлиги давлатларнинг уларга мослашиш имкониятларидан илгарилаб кетмоқда. Сунъий интеллект меҳнат бозори ва саноат тармоқларини ўзгартирмоқда. Иқлим ва сув билан боғлиқ хавфлар янги ечимларни талаб қилмоқда. Таълим тизими, инфратузилма ва инсон капиталига қўйилаётган талаблар ҳам ўзгармоқда.
Бундай шароитда давлат сиёсатининг вазифаси фақат юзага келган муаммоларга жавоб бериш билан чекланмайди. У иқтисодиётни ўзгартираётган технологик тенденцияларни олдиндан аниқлаш, келгусида талаб юқори бўладиган касб ва компетенцияларни белгилаш, зарур инфратузилмани шакллантириш ҳамда янги иқтисодий ўсиш нуқталарини ривожлантиришни қамраб олади.
Президентимизнинг “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” номли узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифи айнан шу стратегик ёндашувни ифодалайди. Унда келажак учун зарур компетенциялар, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма ва мутахассисларни олдиндан белгилаш мақсади қўйилмоқда. Бу — минтақавий тараққиётни олдиндан кўра билиш ва унинг институционал асосларини яратишга бўлган уриниш.
Нутқда Марказий Осиё фақат хомашё етказиб берадиган минтақа эмаслиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатларнинг инновацион ва технологик ҳамкорлик орқали глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб бораётгани қайд этилди.
Шу маънода Ўзбекистонда “Марказий Осиё – Корея” саноат-технология паркини ташкил этиш таклифи стратегик мазмунга эга. Автокомпонентлар, электротехника, машинасозлик, фармацевтика ва кимё саноатида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали минтақавий бозор учун янги технологик база яратиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, янги технологик иқтисодиётда нодир минералларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Рақамли қурилмалар, энергетика, электр транспорти ва бошқа юқори технологияли тармоқлар учун зарур бўлган хомашёга талабнинг ўсиши Марказий Осиёнинг ресурс салоҳиятига бўлган қизиқишни ҳам кучайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбари нодир минераллар соҳасида минтақавий инвестициявий альянс ташкил этишни таклиф қилди. Эътиборлиси, бу ташаббус фақат қазиб олиш билан чекланмайди. Геология-қидирувдан бошлаб қазиб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи саноат кластерларини яратиш назарда тутилмоқда. Бу эса минтақанинг глобал меҳнат тақсимотидаги ўрнини ҳам ўзгартириб, хомашё етказиб берувчи ҳудуддан уни қайта ишлайдиган ва тайёр технологик маҳсулот яратадиган маконга айланаётганининг ёрқин мисолидир.
Яна бир муҳим масала, иқлим ўзгариши, ҳаво сифати, энергетика ва сув ресурслари билан боғлиқ масалалар Марказий Осиё учун ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга. Шу сабабли “яшил” тараққиётни технологик модернизациядан алоҳида тасаввур қилиш қийин.
Саммитда Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича форматни ишга тушириш таклиф қилинди. Иқлим, энергетик ўтиш ва ҳаво сифати бўйича қўшма ташаббуслар Корея технологиялари трансфери ва минтақанинг кам углеродли иқтисодиётга ўтишига хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, янги технологиялар кам энергия сарфлайдиган ишлаб чиқаришни, тоза энергетикани, ресурсларни тежашни ва шаҳар инфратузилмасини модернизация қилишни таъминлайди. Шунинг учун “яшил” иқтисодиётни иқтисодий ўсишга чеклов сифатида эмас, унинг янги технологик манбаи сифатида кўриш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу нафақат демографик кўрсаткич, балки катта иқтисодий ва интеллектуал салоҳият. Бироқ демографик устунлик автоматик равишда иқтисодий устунликка айланмайди. Бунинг учун ёшларнинг билим ва кўникмаларини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан боғлаш зарур.
Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган “Буюртма – ўқитиш – бандлик” тамойили эътиборга молик. Бу моделда мутахассисга бўлган аниқ эҳтиёж аниқланади, шу эҳтиёжга мос таълим ташкил этилади ва унинг якуний натижаси бандлик билан боғланади. Бундай ёндашув келажак мутахассисини бугундан тайёрлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узилишни камайтириш ҳамда технологик лойиҳалар учун кадрлар базасини шакллантириш имконини беради.
Президентимиз келгуси йилда Ўзбекистон-Корея дипломатик муносабатларининг 35 йиллиги ва корейс диаспорасининг минтақада 90 йиллик тарихини нишонлашга тайёр эканини маълум қилди. Бу эса икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликнинг нафақат иқтисодий, балки инсоний-маданий жиҳатдан ҳам чуқур томирларга эгалигидан далолат беради.
Мухтасар айтганда, саноат, инвестиция, замонавий технологиялар, “яшил” иқтисодиёт ва инсон капитали соҳаларидаги ҳамкорлик минтақанинг барқарор тараққиётига хизмат қилади. Бу ташаббуслар Марказий Осиёни инновация ва иқтисодий ўсиш марказига айлантириш учун муҳим асос яратади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.