Марказий Осиё – Корея Республикаси: ҳамкорликнинг стратегик модели ва янги тараққиёт босқичи
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Сеул шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев узоқ муддатли концептуал “Марказий Осиё – Корея Республикаси: илғор ривожланиш ҳамкорлиги” қарашни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
ЎзА мухбири мазкур ташаббуснинг мазмун-моҳияти, унинг минтақамиз ва Жанубий Корея ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳамда ўлкамиз учун очиб берадиган янги имкониятлар хусусида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) бош илмий ходими Нозимабону Мансурова фикрларини ёзиб олди.

– Таъкидлаш керакки, мазкур ташаббус ҳамкорликни янада узоқ муддатли режалаштиришга ўтиш заруратидан келиб чиқмоқда. Давлатимиз раҳбарининг сўзларига кўра, сунъий интеллект меҳнат бозори бутун бошли саноат тармоқларини ўзгартирмоқда, иқлим ва сув билан боғлиқ хавф-хатарлар ўн йилликлар олдинга мўлжалланган ечимларни талаб этмоқда, мамлакатлар таълим, инфратузилма, технологиялар ҳамда инсон капиталига нисбатан янги талаблар қаршисида турибди. Бундай шароитда таклиф этилаётган ҳамкорлик модели минтақа мамлакатларига истиқболда қандай компетенциялар, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма ва мутахассислар керак бўлишини олдиндан аниқлашга ҳамда уларни бугунданоқ шакллантириш учун шароит яратишга имкон беради.
Президентимиз таъкидлаганидек, “замонавий дунёдаги глобал ўзгаришлар суръати давлатларнинг унга мослашиш имкониятидан тобора илгарилаб кетмоқда”. Давлатимиз раҳбари таклифига кўра, белгиланган вазифани амалга оширишнинг амалий воситаси Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея учун янги ўсиш манбалари ҳамда узоқ муддатли имкониятларни яратишга қодир истиқболли ташаббусларни ўз ичига олган Илғор ривожланиш лойиҳалари портфели шакллантирилиши лозим.
Таклиф этилаётган ёндашув аниқ иқтисодий асосга ҳам эга. Бугунги кунда минтақа мамлакатларида 80 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти эса $500 миллиарддан ошган. Жанубий Корея эса қарийб $1,9 триллион ҳажмдаги Осиёнинг технологик жиҳатдан энг ривожланган иқтисодиётларидан бири бўлиб, тадқиқот ва ишланмаларга сарфланадиган харажатлар даражаси бўйича дунё етакчилари қаторига киради. Шу тариқа, гап бир-бирини тўлдирувчи икки салоҳиятни уйғунлаштириш ҳақида бормоқда: бир томондан, Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган бозори ва ишлаб чиқариш базаси, иккинчи томондан эса Кореянинг технологик, инвестициявий ва муҳандислик салоҳияти.
Таклиф этилган ташаббусни амалга ошириш учун мустаҳкам асос мавжуд. Қарийб йигирма йиллик ҳамкорлик давомида мамлакатлар ўртасида барқарор институционал база шаклланди. “Корея Республикаси – Марказий Осиё” форуми 2007 йилдан буён Сеулнинг минтақамиз давлатлари билан ҳамкорлигини таъминловчи йиллик кўп томонлама механизм сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2017 йилда унинг доимий Котибияти расман ишга туширилди. Котибият ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳукумат тузилмалари ва ҳамкор ташкилотлари билан мувофиқлаштириш ишларини олиб боради. Шу давр мобайнида ҳамкорлик дастлабки сиёсий мулоқот доирасидан анча ташқарига чиқди. Иқтисодий, парламентлараро, эксперт ва гуманитар йўналишлар шаклланди. 2024 йилда эса Корея Республикаси ҳамкорликка қўшимча иқтисодий ва стратегик мазмун бахш этган “K-Silk Road” ташаббусини илгари сурди.
Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи саммитда илгари сурилган ташаббусларни тўпланган тажрибанинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон етакчиси келгусидаги лойиҳалар портфелининг таркибий қисмларига айланиши мумкин бўлган бир қатор амалий механизмларни таклиф этди. Улар қаторида “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саноат-технологик паркини ташкил этиш, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини $20 миллиардга етказиш, стратегик муҳим минераллар соҳасида минтақавий инвестиция платформасини шакллантириш, иқлим ва углерод бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, “буюртма – тайёрлаш – ишга жойлаштириш” тамойили асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бор. Истиқболда ушбу ташаббусларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб, узоқ муддатли ҳамкорликнинг ягона модели таркибий қисмлари сифатида фаолият юритиши мумкин.
Юртимиз учун бу айниқса, Корея билан муносабатларнинг шаклланиб бўлган иқтисодий базасини ҳисобга олганда ўта долзарбдир. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июль ойларида икки ўлка ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этган. Диёримизда Жанубий Корея капитали иштирокидаги 730 та корхона фаолият кўрсатмоқда, январь-июнь ойларида эса асосий капиталга киритилган Корея инвестициялари ва кредитлари 216,4 миллион долларни ташкил этди. Бу Тошкент учун янги форматдан аввало, мавжуд ҳамкорликни алоҳида корхона ва лойиҳалар даражасидан йирикроқ ишлаб чиқариш, технологик ва экспорт занжирларига кенгайтириш мақсадида фойдаланиш имконини англатади.
Бундай ёндашув иқтисодиётни ўсишнинг технологик ва инновацион моделига ўтказиш, янада юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг глобал ишлаб чиқариш занжирларидаги мавқейини мустаҳкамлашни назарда тутувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси вазифаларига бевосита мос келади.
Умуман олганда, “Марказий Осиё – Корея Республикаси: илғор ривожланиш ҳамкорлиги” концепцияси минтақавий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган узоқ муддатли ёндашувдир. У минтақамизнинг иқтисодий ва инсон салоҳиятини Корея Республикасининг технологик, инвестициявий ва инновацион имкониятлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Ў.Алимов, ЎзА