Марказий Осиё – АҚШ: стратегик шерикликнинг янги иқтисодий босқичи
Жорий йил 4 июль куни Америка Қўшма Штатлари ўз мустақиллигининг 250 йиллигини нишонлайди. Икки ярим аср муқаддам мустақил давлат сифатида шаклланган мамлакат бугунги кунда жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимининг асосий иштирокчиларидан бири ҳисобланади.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев фикрича, сўнгги йилларда халқаро муносабатлар тизимида кузатилаётган ўзгаришлар Вашингтоннинг ташқи сиёсий устуворликларини ҳам қайта шакллантирмоқда. Агар аввалги даврларда АҚШ ташқи сиёсатида хавфсизлик, ҳарбий таъсир ва глобал геосиёсий рақобат устувор аҳамият касб этган бўлса, бугунги кунда иқтисодий дипломатия, инвестициялар, технологик ҳамкорлик ва стратегик ресурсларга эга ҳудудлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш асосий вазифалардан бирига айланмоқда. Ана шундай шароитда Марказий Осиё минтақаси Вашингтоннинг диққат марказига қайта чиқмоқда.
Бу қизиқишнинг сабаби фақат географик жойлашув билан чекланмайди. Минтақамиз бугунги кунда Европа ва Осиёни боғловчи муҳим транспорт йўлаклари, йирик энергетик ресурслар, муҳим минераллар захиралари ҳамда ўсиб бораётган бозор имкониятларини ўзида мужассам этган ҳудуд сифатида қаралмоқда. Шунинг учун ҳам Қўшма Штатларнинг минтақага муносабати аввалги даврларга нисбатан анча прагматик ва узоқ муддатли мазмун касб этмоқда.
Айниқса, 2015 йилда ишга туширилган C5+1 платформаси ўтган ўн йил мобайнида оддий мулоқот механизми даражасидан стратегик ҳамкорлик майдонига айланди. 2025 йил ноябрь ойида Оқ уйда тарихда биринчи марта давлат раҳбарлари даражасида ўтказилган C5+1 саммити мазкур форматнинг янги босқичга чиққанини намоён қилди. Бу воқеа АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларига вақтинчалик геосиёсий лойиҳа сифатида эмас, балки узоқ муддатли стратегик шериклик нуқтаи назаридан қарай бошлаганини кўрсатди.
Муҳими шундаки, мазкур саммитнинг кун тартиби аввалги йиллардаги хавфсизлик масалаларидан кескин фарқ қилди. Энди асосий эътибор савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, муҳим минераллар, транспорт коммуникациялари ва технологик ҳамкорликка қаратилмоқда. Бу эса АҚШ ташқи сиёсатининг янги хусусиятини намоён этади. Вашингтон Марказий Осиёни нафақат геосиёсий нуқтаи назардан, балки глобал иқтисодий занжирларнинг муҳим бўғини сифатида баҳоламоқда.
Бундай ёндашув минтақа давлатлари учун ҳам янги имкониятларни очмоқда, чунки ташқи сиёсий алоқаларнинг иқтисодий мазмун билан бойиши инвестициялар жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, юқори технологияларни ўзлаштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш имконини беради. Айниқса, муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳалари минтақа иқтисодиётини хомашё етказиб берувчи моделдан юқори қўшимча қиймат яратувчи иқтисодиётга айлантириш учун муҳим омил бўлиши мумкин.
Тошкент давлат шарқшунослик университети мустақил тадқиқотчиси Акилбек Тилаволдиев изланишларига кўра, бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Кейинги йилларда мамлакат ташқи сиёсатда очиқлик ва прагматизм тамойилларини изчил амалга ошириб келмоқда. Натижада Тошкент нафақат минтақавий ҳамкорликнинг фаол иштирокчиси, балки Марказий Осиёда интеграция жараёнларини илгари сураётган муҳим марказ сифатида намоён бўлмоқда. Шу сабабли ҳам АҚШ билан амалга оширилаётган янги иқтисодий ва инвестицион ташаббусларда Ўзбекистоннинг иштироки тобора ортиб бормоқда. Йирик инвестиция келишувлари ва саноат лойиҳалари ҳам айнан шу тенденциянинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Энг муҳими, бугун шаклланаётган муносабатлар модели аввалги даврлардаги каби фақат сиёсий мулоқот ёки хавфсизлик масалаларига эмас, балки иқтисодий манфаатлар уйғунлигига асосланмоқда. Бу эса ҳамкорликнинг барқарорлиги учун мустаҳкам замин яратади. АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги арафасида Вашингтоннинг Марказий Осиёга бўлган эътибори айнан шу жиҳатдан аҳамиятлидир: минтақа халқаро сиёсатнинг четида эмас, балки янги иқтисодий ва транспорт алоқалари туташган муҳим стратегик макон сифатида намоён бўлмоқда.
АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларнинг бугунги босқичини оддий дипломатик фаоллик сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди, чунки кейинги йилларда кузатилаётган жараёнлар минтақа билан алоқаларнинг мутлақо янги мазмун касб этаётганини кўрсатмоқда.

Бу ўзгаришларнинг энг яққол ифодаси 2025 йил ноябрь ойида ўтказилган C5+1 саммити якунларида намоён бўлди. Саммит доирасида эълон қилинган йирик иқтисодий келишувлар Вашингтоннинг минтақага бўлган қизиқиши декларатив эмас, балки аниқ иқтисодий манфаатлар билан мустаҳкамланаётганини кўрсатди. Муҳим жиҳати шундаки, мазкур ташаббуслар қисқа муддатли сиёсий эффектга эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган саноат, энергетика ва инфратузилма лойиҳаларига таянади.
Маълумки, замонавий иқтисодиёт рақамли технологиялар, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергетика ва юқори технологик саноат билан чамбарчас боғлиқ бўлиб бормоқда. Бу тармоқларнинг ривожланиши эса нодир ер металлари, уран ва бошқа стратегик ресурсларга бўлган талабни кескин оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё келажак иқтисодиёти учун зарур бўлган ресурслар базаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Вашингтоннинг минтақа билан муносабатларида айнан мазкур соҳанинг устувор ўрин эгаллаши ҳам бежиз эмас.
Шу билан бирга, ҳамкорлик фақат ресурслар билан чекланиб қолмаяпти. АҚШ компанияларининг энергетика, кимё саноати, авиация ва инфратузилма соҳаларида иштирок этиши минтақа иқтисодиётининг модернизацияси учун қўшимча имкониятлар яратади. Бу ерда гап фақат сармоя киритиш ҳақида эмас, балки замонавий бошқарув тажрибаси, илғор технологиялар ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимларининг ҳам кириб келиши ҳақида кетмоқда. Айнан шу омиллар узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
ТДШУ магистранти Зарина Бўронова фикрича, Ўзбекистон учун мазкур жараёнлар алоҳида стратегик аҳамият касб этади. Кейинги йилларда мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар географиясини кенгайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва халқаро транспорт йўлакларидаги иштирокини кучайтириш бўйича изчил сиёсат юритмоқда. Шу нуқтаи назардан, АҚШ билан иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашиши миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат – таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликдир. Тарих шуни кўрсатадики, ҳар қандай стратегик шерикликнинг ҳақиқий мустаҳкамлиги иқтисодий рақамлар эмас, балки инсон капитали билан белгиланади. Шу боис АҚШ университетлари, академик алмашинув дастурлари ва илмий ҳамкорлик механизмлари Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим интеллектуал ресурс вазифасини бажармоқда. Бу эса келажакда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш ва рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги арафасида Марказий Осиё билан муносабатлар янги стратегик мазмун билан бойиб бормоқда. Бу жараённинг энг муҳим хусусияти шундаки, ҳамкорлик эндиликда геосиёсий рақобат нуқтаи назаридан эмас, балки ўзаро манфаатли иқтисодий ва технологик тараққиёт нуқтаи назаридан баҳоланмоқда. Бундай ёндашув эса минтақа давлатлари учун ташқи ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, миллий иқтисодиётларни модернизация қилиш ва глобал иқтисодий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш учун мустаҳкам асос яратади.
Мусулмон Зиё, ЎзА