Мария Тимофеева Францияда чемпион бўлмоқчи
Теннис бўйича WTA 250 тоифасига кирувчи “Open de Rouen” турнири 13-19 апрель кунлари Франциянинг Руан шаҳрида бўлиб ўтади. Айни дамда эса ушбу мусобақанинг саралаш баҳслари ўтказилмоқда.
Биз учун аҳамиятлиси мазкур нуфузли мусобақанинг асосий тўр баҳсларига йўлланма берувчи саралаш беллашувларида мамлакатимизнинг учинчи рақамли теннисчиси Мария Тимофеева иштирок этмоқда. У бироз аввал саралашнинг 1/2 финалида франциялик Ярослава Барташевични 7:5, 6:1 ҳисобида таслим этди.
Энди Мария Тимофеева мукофот жамғармаси 283 минг 347 АҚШ долларни ташкил этувчи “Open de Rouen” турнири саралаш финалида яна бир мезбон теннисчи Хлоэ Пакега қарши кортга чиқади. Маълумот учун, Мария ҳозирда WTA рейтингида 153, Хлоэ эса 236-ўринни эгаллаган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА