«Мақсадли ипотека омонати» механизми тажриба-синов тариқасида жорий этилади
«Мақсадли ипотека омонати» орқали фуқаролар нафақат уй-жой учун маблағ жамғаради, балки омонат фоизларидан қўшимча даромад ҳам олади.
2026 йил 1 июлдан Ўзбекистонда аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган «Мақсадли ипотека омонати» механизми тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Янги тизим фуқароларга давлат субсидиясини олдиндан омонатга жойлаштириш, унга банк фоизлари ҳисобланиши орқали қўшимча даромад олиш имконини беради.
Мазкур механизм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган низом асосида амалга оширилади.
Янги тартибга кўра, ипотека кредити бўйича давлат субсидияси ажратилиши тўғрисида ижобий хабарнома олган фуқаролар ихтиёрий равишда тижорат банкида махсус мақсадли ипотека омонати очади.
Омонат миқдори қайта молиялаштириладиган ипотека кредити учун талаб этиладиган дастлабки бадалда фуқаро улушидан кам бўлмаслиги лозим. Масалан, уй-жой қийматининг 20 фоизи дастлабки бадал сифатида белгиланган бўлса ва унинг бир қисми давлат субсидияси билан қопланса, қолган қисмини фуқаро ўз маблағи ҳисобидан ушбу омонатга жойлаштириши керак бўлади. Мазкур сумма банк томонидан тасдиқланган энг юқори ипотека кредити миқдори асосида ҳисобланади.
Амалдаги тартибга кўра, битта квартира учун ажратиладиган ипотека кредитининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 480 миллион сўм, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 380 миллион сўм этиб белгиланган.
Муҳим жиҳати шундаки, фуқаро ипотека омонатини тўлиқ шакллантиргач, давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган дастлабки бадал субсидияси тижорат банкининг буюртмаси асосида олдиндан ўтказиб берилади. Омонатнинг амал қилиш муддати эса 12 ойдан ошмайди.
Янги механизмнинг асосий афзалликларидан бири — омонатда сақланаётган маблағларга банк томонидан бозор ставкалари бўйича фоиз ҳисобланиши. Кейинчалик асосий маблағ ва унга ҳисобланган фоизлар ипотека кредити учун дастлабки бадални шакллантиришга йўналтирилади.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида миллий валютадаги жисмоний шахслар омонатлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 19,9 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, ипотека кредитлари бўйича амалдаги фоиз субсидияси ҳам сақланиб қолади. Унга мувофиқ, кредитнинг дастлабки беш йили давомида Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлган фоиз қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
«Мақсадли ипотека омонати» механизми 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача тажриба-синов тартибида амал қилади. Ушбу давр якунлари бўйича механизмни доимий асосда жорий этиш юзасидан қарор қабул қилиниши мумкин.
Янги тизим ипотека учун маблағларни олдиндан режали равишда жамғариш, фуқароларнинг молиявий юкини босқичма-босқич шакллантириш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА