Мақсад – тежамкорликка эришиш
Президент топшириғи – амалда
Мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудлари қатори Бухоро вилоятда сув захиралари чегараланган. Шу боис, унинг ҳар қатрасини тежаб, оқилона фойдаланишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Вилоят қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишда, экин ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда, уларнинг унумдорлигини оширишда сувнинг аҳамияти катта, албатта.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги фармойишига асосан Бухоро вилоятидаги 6 та каналнинг 64,1 километр узунликдаги қисмини бетонлаштириш режалаштирилган. Жумладан, сув иншоотларидан бири бўлган Бухоро туманидаги Жўйзар каналининг умумий узунлиги 21,2 километр бўлган қисмини тўлиқ бетонлаштириш мақсад қилинган. Натижада каналнинг сув ўтказиш қуввати яхшиланиб, тумандаги 11 минг 420 гектар ер майдонини сув билан таъминлаш имкони яратилади.
– Жўйзар канали атрофида тозалаш ва бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Юртбошимиз деҳқонларни ўйлаб мана шундай ишларда ҳам бош бўлиб кўмак бермоқда. Энди биз деҳқонлар ҳосилдорликни яна оширишга ҳаракат қилишимиз лозим. Бу каби ташаббуслар халқимизнинг фаровонлигини ўйлаб қилинаётган ишлардир, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммаджон Аҳмедов.
Шу ўринда соҳа мутахассислари томонидан сув иншоотларини бетонлаштириш орқали эришиладиган натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, бошланган эзгу ташаббуснинг аҳамияти янада ойдинлашади. Режалаштирилган каналларда амалга ошириладиган ишлар натижасида вилоятдаги 39,6 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланади ҳамда йилига ўрта ҳисобда 140 миллион метр куб сув иқтисод қилинишига эришилади. Бу борада Олот туманида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, белгиланган режанинг 80 фоизи бажарилди.
– Давлат дастури асосида туманда 22 километр хўжаликлараро каналлар бетонлаштирилди, – дейди Олот туман “Сув етказиб бериш хизмати” Давлат муассасаси директори Шерзод Шарипов. – Шу билан бир қаторда унинг фойдасини кўрган фермер хўжаликлари томонидан ҳам ўзларига олиб келувчи ариқларнинг 1,500 километр қисмида бетон қилиш бошланди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 5 та ариқларни бетонлаштириш ишлари ғолиб деб топилган.
Умумий узунлиги салкам 5 километрни ташкил этадиган Гурдуш канали Қоракўл тумани қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзига хос ўрин тутадиган сув иншооти ҳисобланади. Канал орқали оқиб келадиган сув ёрдамида туманнинг 15 минг гектардан зиёд ер майдонлари суғорилади. Табиийки, каналда кўп миқдорда сув беҳуда йўқотилиб, уни тозалаш эса катта харажат талаб этарди. Бугун мазкур сув иншоотининг 3,7 километр узунликдаги қисмида бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
– Туманимизда ўтган 2023 йилда жами 45 километр ички суғориш тармоқларида бетонлаштириш ишлари амалга оширилди, – дейди Қоракўл туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Азамат Отақулов. – Жорий йилда жами 45 километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди. Бугунги кунда Гурдуш каналида ишлар жадал суратларда олиб борилмоқда. Каналнинг умумий узунлиги 4 километр 900 метр бўлиб, бу каналга боғланган майдон жами 15 минг гектардан ортиқни ташкил этади. Бетонлаштириш ишлари якунлангандан кейин сув оғир етиб борадиган маҳаллаларда, аҳоли, фермер хўжаликларининг сув таъминоти яхшиланади.
Сув захираларидан тежамкорлик ва самарадорлик асосида фойдаланишга хизмат қиладиган замонавий технология – қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усули бугун қишлоқ мулкдорлари орасида тобора оммалашмоқда. Чунки бу усул экинлар парвариши билан боғлик агротехник тадбирларни қисқартириши, ҳосилдорликни ошириши, деҳқонларнинг ташвишини камайтириши ва иқтисодий жиҳатдан самарали экани билан қишлоқ мулкдорларига қўл келмоқда. Масалан, Бухоро вилоятида келгуси йил ҳосили учун экилган умумий ғалла майдонининг 2700 гектар қисмида ёмғирлатиб суғориш ускунасини ўрнатиш режалаштирилган. Бу борадаги ишлар Пешку туманида ҳам давом этмоқда.
– 70 гектар ерда деҳқончилик қиламиз, шундан, 50 гектарига ғалла экамиз, – дейди Ғанишер Нуриддинов. – Сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатдик. Бу йил 30 гектар ерни суғорсак, кейинги йил қолган қисмига ҳам тежамкор ускунани ўрнатишни режалаштирдик.
Қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари қатори сув тизими ходимлари учун ҳам йилнинг тўрт фасли бирдек иш мавсуми ҳисобланади. Айни кунда сув хўжалиги ишчи мутахассислари кузги-қишки тадбирлар доирасида ариқ ва каналларни тозалаш, уларни бетонлаштириш бир сўз билан айтганда, экин ерларини сув билан таъминлашга хизмат қиладиган юмушларни давом эттирмоқда.
[gallery-20452]
Ҳозирда, миришкор деҳқонларнинг сувга бўлган талаби анча камайган. Сув хўжалиги ходимлари учун эса бу давр долзарб иш мавсуми саналади. Айнан шу даврда ариқ ва каналлар ҳамда бошқа сув иншоотлари тартибга келтирилади, уларда таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Ғиждувон туманидаги умумий узунлиги 16 километр бўлган “Батрак” хўжаликлараро каналнинг 4,5 километр қисмини кузги-қишки тадбирлар доирасида техникалар ёрдамида тозалаш, гидротехник иншоотларни таъмирлаш кўзда тутилган.
Биргина жорий йилнинг ўзида сувни тежаш мақсадида амалга оширилган лойиҳалар доирасида умумий экин ерларининг 5100 гектарида томчилатиб, 2000 гектарида эса ёмғирлатиб, 9000 гектарида эгилувчан қувурлар, 3 минг гектарида плёнка тўшаб суғориш ва 19 минг 500 гектар дала майдонларини лазерлик ускуна ёрдамида текислаш ишларининг амалга оширилиши натижасида 400 миллион метр куб сувни иқтисод қилишга эришилди.
Бу ҳол суғориш тармоқларида сув йўқотишларни кескин камайтириш борасида амалга оширилаётган тадбирларнинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари