Мақсад – аҳоли бандлигини таъминлаш
Бухоро вилояти Шофиркон тумани марказидан 10 километр узоқликда, Навбаҳор ва Катта маҳалла қишлоқларини ўз ичига олган бу маҳаллада бугунда 2 минг 700 дан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудудда яшаётган жами 500 дан ортиқ хонадоннинг асосий тирикчилик манбаи дала-деҳқончилик ишлари, чорвачилик ҳисобланади.
– Бугунга келиб ҳудуддаги 40 дан ортиқ оилада 1 сотихдан 30 сотихгача иссиқхона хўжалиги фаолият юритаётган бўлса, юзга яқин хонадонда қорамолчилик ривожлантирилган. Шунингдек, 20 га яқин хонадон асаларичилик билан шуғулланмоқда, – дейди “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Миржалол Қўндиев. – Паррандачиликка иштиёқманд яна элликдан зиёд хонадонда 100 бошгача товуқ парваришланмоқда. Шунинг баробарида яна 3 та хўжалик синов тариқасида сунъий ҳовузда балиқчилик фаолиятини йўлга қўймоқда.

Шу билан бирга, маҳаллада тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, қўшимча иш ўрни, одамларга даромад манбаи яратилмоқда. Айниқса, аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат орқали ўз ўрнини топишида амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Бу борада Навбаҳор қишлоғида фаолият олиб бораётган “Muslima Oysha Tekstile” оилавий корхона бунга ёрқин мисол.

Корхонада 9 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган бўлиб, чеварлар қўли билан асосан харидорбоп болалар кийимлари тайёрланади. Яратилган қулай меҳнат шароити туфайли ишчилар ўртача 2,5 миллион сўмдан ойлик маош билан таъминланган.
Яна бир эътиборли жиҳати корхона яқин ойларда ўз имкониятларини ошириб, яна 10 нафар ишчи қабул қилиш, маҳсулдорликни икки баробарга оширишни кўзлаган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.