Мақом кечаси дилларга сурур бағишлади
Учинчи халқаро мақом анжумани олдидан Наманган вилоятининг Наманган туманидаги Ёзги амфитеатрда миллий мусиқа ва мақом санъатига бағишланган “Мумтоз наволар” кечаси ўтказилди.
Юқори кайфият ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтган ушбу маданий тадбирда туман ҳокими Садриддин Мўминов мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган эътибор, миллий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мақом санъати ривожи мисолида ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, ўзбек миллий мусиқа меросининг энг юксак ва нодир намуналаридан бири саналган мақом санъати халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий дунёси, эстетик қарашлари ва бадиий тафаккурининг ёрқин ифодасидир. Мақом нафақат мусиқий жанр, балки миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми, халқимизнинг тарихий хотираси ва руҳий бойлигини ўзида мужассам этган бебаҳо мерос ҳисобланади.

Асрлар давомида “Устоз-шогирд” анъаналари асосида сайқал топган мақом санъати ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. У инсон қалбига нафосат, эзгулик ва маънавий камолот туйғуларини бахш этиб, миллий қадриятларимизни асраш ва келажак авлодга етказишда муҳим ўрин тутади.
Кечада мақом ва мумтоз қўшиқлар ижро этилиб, санъаткорларнинг жонли чиқишлари томошабинларга унутилмас таассурот улашди. Миллий оҳанглар, дилбар наволар ва маҳоратли ижролар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Айниқса, мақом санъатининг теран мазмуни, маънавий қудрати ва инсон қалбига яқинлиги иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Зеро, бундай тадбирлар мақомнинг миллий маданиятимиздаги ўрнини юксалтириш ҳамда мақом санъатининг бой ва сермазмун оламини англашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА