Мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди
“Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–1161-сон, 27.07.2026 й.) қабул қилинди.
Қонунга кўра, зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдори суднинг қарори асосида аниқланади.
Жисмоний ёки юридик шахсга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрни ҳудудий компенсация жамғармасидан пул шаклида қопланади.
Зарарнинг ўрни суднинг зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ берилган ижро варақасига асосан қопланади.
Агар зарар етказилганлиги учун аниқ бир шахс суднинг қонуний кучга кирган қарори билан айбдор деб топилган бўлса, моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши лозим.
Суд қарори билан айбдор деб топилган шахс ўзи етказган зарарнинг ўрнини ундирувчига белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қоплаш ҳуқуқига эга.
Зарарнинг ўрни суд қарори асосида ҳудудий компенсация жамғармалари ҳисобидан қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 6 ой ўтгач кучга киради.
ЎзА