Манфред Хутерер: Ўзбекистон ва Германия муносабатларида янги давр бошланди
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига ўттиз йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириб, сиёсий мулоқот, иқтисодий алоқалар, таълим, технология ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган кенг кўламли стратегик шерикликни шакллантирди.
Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим иқтисодий ва технологик ҳамкорларидан бири саналади. Немис компанияларининг мамлакатимиздаги фаол иштироки, йирик сармоявий лойиҳалар ҳамда кадрлар тайёрлаш борасидаги алоқалар икки томонлама муносабатларга амалий мазмун бағишламоқда.
ЎзА мухбири Ўзбекистон ва ГФР ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, иқтисодиёт, таълим ва инвестиция соҳаларидаги истиқболлари хусусида Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер билан суҳбатлашди.
– Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошди. Сизнингча, сўнгги йилларда икки мамлакат ҳамкорлигида қайси йўналишлар жадал ривожланмоқда ва бунда устувор аҳамият касб этаётган соҳалар қайсилар?
— Германия Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа тўрт мамлакати мустақилликка эришганидан буён минтақада фаол иштирок этиб келмоқда. Сўнгги ўттиз йил давомида кўплаб соҳаларда кенг кўламли икки томонлама ва минтақавий ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаяпмиз.
2023 йил сентябрь ойида Берлинда “Марказий Осиё + Германия” (C5+1) форматининг йўлга қўйилиши минтақа мамлакатлари ва ГФР ўртасидаги дипломатик муносабатларда янги даврни бошлаб берди. 2024 йил сентябрда эса Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбари ва Германия Федерал Канцлери Остона шаҳрида яна учрашдилар. Ўша ташриф доирасида Федерал канцлер Олаф Шольц Самарқандга ҳам ташриф буюрди.
Шуни таъкидлашни истардимки, алоқаларимиз Европа даражасида ҳам сезиларли даражада мустаҳкамланди. 2025 йил 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити ЕИнинг минтақа бўйича стратегияси нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади. Ушбу жараёнда асосий эътибор барқарорлик, фаровонлик ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.
Албатта, иқтисодий ва ишбилармонлик алоқалари устувор аҳамиятга эга. Тобора кўпроқ немис компаниялари Ўзбекистонга сармоя киритмоқда; бугунги кунда мамлакатда 220 га яқин немис капитали иштирокидаги корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Иқтисодий ривожланиш йўналишидаги ҳамкорлигимиз яна бир стратегик устундир. Ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида Германия соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бу хайрли ишларнинг барчаси 1992 йилда Тошкентда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ваколатхонаси очилиши билан бошланган эди.
— Берлин учун Ўзбекистоннинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамияти нимада?
— Германия учун Ўзбекистон геосиёсий жиҳатдан муҳим минтақадаги яқин ва ишончли ҳамкордир. Айниқса, иқтисодий салоҳияти жадал юксалиб бораётган ушбу мамлакат немис компаниялари учун катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон юқори таълим даражаси ва инсон капитали билан ажралиб туради, бу эса унинг хорижий шериклар учун жозибадорлигини янада оширади. Шу боис, 2024 йилда ГФР ва Ўзбекистон ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё минтақаси биз Европа Иттифоқи доирасида ривожлантиришни истаётган Транскаспий транспорт йўлагида (Global Gateway ташаббуси) муҳим стратегик роль ўйнайди.
— Ўзбекистонлик ёшларнинг Германияда таҳсил олишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қандай янги ташаббуслар режалаштирилган?
— Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ёшлари орасида Германияда ўқиш ва немис тилини ўрганишга бўлган иштиёқ жуда юқори. Ҳозирда Ўзбекистонда 400 000 га яқин киши немис тилини ўрганмоқда ва бу — бутун Осиё миқёсидаги энг юқори кўрсаткичдир! Мамлакатдаги 19 та мактаб Германиянинг “PASCH” глобал тармоғига аъзо бўлган. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида тўрт нафар маърузачи (лектор) ва икки нафар тил ассистентимиз фаолият юритмоқда.
Кўпинча ўзбекистонликлар менга бемалол немис тилида мурожаат қилишади ва бу мени доим ҳайратлантиради. Немис тилида сўзлашувчи ўзбекларнинг кўплиги Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида хизмат қилишни мен учун чинакам завққа айлантирган. Гёте институти ва бошқа ташкилотларимиз билан биргаликда тил ўрганиш имкониятларини янада кенгайтиряпмиз.
Германияда ўқишни истаган ёшларга бир маслаҳат бермоқчиман: фақат рейтингларга таянманг, ўзингиз учун энг мос бўлган йўналишни танланг. Биздаги кўплаб кичик университетлар ўқитиш ва илмий тадқиқотлар бўйича юқори натижаларга эга. Улар кўпинча йирик таълим даргоҳларига қараганда кўпроқ индивидуал устозлик (менторлик) ва талабаларга алоҳида эътибор қаратиш имкониятига эга.
— Фикрингизча, яқин келажакда қайси омиллар Ўзбекистон ва Германия муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши мумкин?
— Бугунги кунда Германия ва Ўзбекистон ҳар қачонгидан ҳам бир-бирига яқинроқ. Юқорида таъкидлаганимдек, икки томонлама юқори даражадаги ташрифлар изчиллик касб этмоқда. Бунинг яққол исботи сифатида шу йилнинг 11 февраль куни Берлинда бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Германия” форматидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашувини келтириш мумкин. Ҳатто Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жаноблари ҳам вазирларни қабул қилди. Бу муносабатларимиз нақадар юқори даражада ва ишончли эканининг кучли рамзий белгисидир.
Шунингдек, тобора кўпроқ немис компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келаётгани ҳам икки томонлама алоқаларда муҳим роль ўйнамоқда. Менимча, навбатдаги дадил қадам — йирик иқтисодий “маёқ-лойиҳа” (lighthouse project) нинг амалга оширилиши бўлиши керак. Зеро, барчага маълумки, “Made in Germany” ёрлиғи дунёда юксак сифат рамзи ҳисобланади.
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Германия бизнеси ва инвесторлари учун қандай янги имкониятлар яратмоқда? Сармоявий ва саноат кооперацияси соҳаларида қайси янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган?
— Германия Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва кўплаб соҳаларда эришилган ютуқларни юксак эътироф этади. Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ўсиш динамикасини намойиш этмоқда. Хусусан, 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,2 миллиард еврога етди. Фармацевтика, тиббий асбоб-ускуналар ва техникалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда IT-аутсорсинг йўналишлари ҳамкорлигимизнинг энг қувватли драйверлари ҳисобланади.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) тажрибали тузилма сифатида Германия ҳукуматининг халқаро майдондаги стратегик мақсадларига эришишда яқиндан кўмак бермоқда. Ташкилот асосий эътиборини соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, табиий ресурслар ва иқлим муҳофазасига қаратган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ўтган йил ҳолатига кўра, GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида 24 нафар хорижий ва 111 нафар маҳаллий мутахассис фаолият юритди.
Шунингдек, Тошкентда ўз ваколатхонасини очган Германиянинг KfW тараққиёт банки умумий қиймати қарийб 540 миллион евро бўлган турли истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Бу лойиҳалар соғлиқни сақлаш, касб-ҳунар таълими, инфратузилма, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, иқлим ва сув ресурслари бошқаруви, шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва гендер тенглиги каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
Бизнинг кузатишларимизга кўра, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсиш суръатлари ҳайратланарли. Мамлакат иқтисодиёти тобора дунёга очилиб, диверсификация қилинмоқда. Бу эса иқтисодий мустақиллик ва муваффақиятнинг бош гаровидир. Германия ҳам ўзгарувчан геосиёсий вазиятда иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга интилмоқда. Демак, ҳар икки томон учун ҳам ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Назаримда, келгусида қайта тикланувчи энергия манбалари, “яшил” иқтисодиёт, касб-ҳунар таълими ҳамда сув ресурсларини оқилона бошқариш соҳалари устувор аҳамият касб этади.
P/S: Суҳбат инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилинди.
Дилшод Ҳакимов суҳбатлашди
ЎзА