Малакали медиа мутахассислари тайёрланмоқда
Ҳозирга қадар республика бўйича 10 мингдан ортиқ ёшлар мазкур лойиҳалар доирасида таълим олиб, замонавий медиа соҳасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, Наманган вилоятида 120 нафардан зиёд SMM мутахассиси ва 100 нафардан ошиқ мобилограф тайёрланди.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан ҳудудларда ташкилотлар ходимлари ва ёшларни замонавий касбларга йўналтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ёш мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари битирувчилари иштирокида тақдимот тадбири ана шундай амалий саъй-ҳаракатлардан бири бўлди.

Унда Наманган вилоятидаги йирик саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари вакиллари, тадбиркорлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар лойиҳаларнинг, ёшларни ахборот коммуникация технологиялари борасида зарур кўникмаларни эгаллашидаги ўрни ва малакали медиа мутахассисларини тайёрлашдаги аҳамияти ҳақида батафсил тўхталди.

Таъкидланганидек, “2025-2027 йилларга мўлжалланган оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва медиа платформалари учун контент тайёрлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш бўйича дастур” ижроси доирасида мамлакатимизда “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда.
Тақдимот давомида “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби”нинг ўқув жараёнлари, битирувчиларнинг амалий ишлари ҳамда эришган натижалари намойиш этилди.

Шунингдек, ташкилотлар фаолиятини замонавий талаблар асосида ёритиш, сифатли медиа-контент яратиш, рақамли маркетинг ва ижтимоий тармоқларда самарали фаолият юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида хусусий сектор вакилларига лойиҳа битирувчиларининг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда ташкилотларнинг медиа фаолияти ва ижобий имижини янада мустаҳкамлаш юзасидан тавсиялар берилди.

Шундан сўнг, “SMM мактаби” ва “Ёш мобилографлар мактаби”да ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшларга сертификатлар топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири