Мактабга эътибор – келажакка эътибор
Президентимиз раислигида шу йилнинг 23 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқ таълими тизимини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш бўйича энг муҳим устувор вазифалар белгиланди.
Президентимиз раислигида шу йилнинг 23 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқ таълими тизимини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш бўйича энг муҳим устувор вазифалар белгиланди.
Дарҳақиқат, келажак бугундан бошланади. Мактаб таълимига эътибор юртимизнинг нурли келажагига эътибордир.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар бутун мамлакатимиз бўйлаб акс садо бериб, ота-оналар, ўқитувчи-мураббийлар, зиёлилар, қўйингки, барча-барча ҳамюртларимиз томонидан катта мамнуният билан эътироф этилмоқда. Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш учун ўзини шу юрт тақдири ва келажаги учун бефарқ ҳисобламайдиган ҳар бир юртдошимиз жавобгарлик ҳамда дахлдорлик туйғусини ҳис этиши зарурлиги таъкидланмоқда. Фарғона вилоятида ўтказилган август кенгашлари ва учрашувларда ҳам ушбу тарихий воқеанинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.

– Президентимиз барчамизнинг дилимиздаги узоқ йиллик орзу-армонларга бутун жамиятнинг эътиборини қаратди, – дейди Бешариқ тумани халқ таълими бўлими мудири Қаноатхон Исматуллаева. – Бундай эътибор ва рағбат янги ўқув йили олдидан ўқитувчи-мураббийларнинг ўз касбига бўлган меҳрини янада юксалтириб, бор билим ва ҳаётий тажрибасини янги авлод камолоти учун сафарбар этишга ундайди.
Айни пайтда Бешариқ туманидаги 49 та умумтаълим ва 2 та ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилди. Инвестиция дастури доирасида 2 та мактаб янгидан қурилган бўлса, 1 та билим даргоҳида капитал реконструкция ишлари олиб борилди. Тумандаги 4 та касб-ҳунар коллежи биноси халқ таълими тасарруфига ўтказилиши натижасида ўқувчиларни алоҳида синф хоналари билан қамров даражаси 3,5 мингтага кенгайди.
Туманнинг энг олис чегара ҳудудида янгидан қад ростлаган 50-умумтаълим мактабида ҳудуддаги 3 та қишлоқ ўқувчилари учун сифатли таълим олиш имконияти яратилди. “Барака файз инвест” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан 4 миллиард 850 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, қурилган 315 ўринли янги мактабда барча шароит муҳайё этилди. Тумандаги 34-умумтаълим мактабида эса 1 миллиард 134 миллион сўм маблағ эвазига қисқа фурсатда 80 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилди.

Ҳозирги кунда Бешариқ тумани мактабларида 3 минг 260 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Соҳа ходимларини моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилаётгани эркак ўқитувчиларнинг мактабга қайтишини таъминлаяпти. Янги ўқув йили олдидан туман мактабларидаги эркак ўқитувчилар сони 700 нафарга етди. Бу таълим-тарбия жараёнларини ўзаро уйғунлаштириш ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари доирасида туман халқ таълими бўлими ташаббуси билан тумандаги тўртта сектор раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада жорий йил 22 мутахассислик бўйича олий ўқув юртларини тамомлаган 207 нафар бешариқлик ёш мутахассис билан юзма-юз суҳбат уюштирилиб, мактабларга ишга жойлаштирилди. Шу ернинг ўзида битирувчи ва мактаб директори ўртасида меҳнат шартномаси расмийлаштирилиб, ёш педагогларнинг ўз фаолиятини бошлаши учун керакли йўл-йўриқ ҳамда тавсиялар берилди.
Шаҳбоз Ғуломжонов давлат гранти асосида бу йил Ўзбекистон Миллий университети математика факультетининг информатика йўналишини тамомлаб, бакалавр дипломига эга бўлди. Меҳнат ярмаркасида Ш.Ғуломжонов тумандаги 29-умумтаълим мактабига информатика фани ўқитувчиси сифатида ишга жойлаштирилди.

–Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида таълим тизимида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлардан қувониб, ўқитувчилик касбини танладим, – дейди Ш.Ғуломжонов. – Меҳнат ярмаркаси шаффоф, очиқ-ошкора тарзда ўтказилгани биз, ёшларга қулайлик яратди. Яқин кунларда ўқитувчилик касбида иш бошлайдиган барча тенгдошларимга омад тилайман.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда туманда инглиз ва рус тили, математика фанлари ўқитувчиларига эҳтиёж бор. Шу боис туман халқ таълими бўлими томонидан тажрибали педагог ходимлар, айниқса, эркак ўқитувчиларни мактабга жалб этиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Янги ўқув йилига қадар бу борадаги барча бўшлиқларни тўлдириш режалаштирилган.