Мактаб партасидан катта Олимпиадагача бўлган масофани қисқартирган адолатли тизим
Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларидаги улкан ғалабаларга, оламшумул муваффақиятларга ўз-ўзидан эришилмайди.
Дунёнинг 200 дан зиёд давлатларининг энг маҳоратли ва чапдаст спортчилари орасида биринчи бўлиш, уларни доғда қолдириш осон кечмаслиги аниқ. Бундай шараф ортида машаққатли меҳнат, изланиш, саралаш, истеъдодларни кашф этиш, уларни маълум мақсадларга йўналтира билиш ҳамда зарур шарт-шароитларни яратишдек тизим туриши барчага кундек равшан.

– Дунё тажрибасидан, илғор мамлакатларда амал қилинаётган ёндашувлардан маълумки, юксак ғалабаларга эришаётган спорт жамоалари ва спортчилар учун ўқув-машғулотлар, саралаш мусобақалари, халқаро турнирлар мундарижаси ўзаро узвийлик асосида ташкил этилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов. – Бугун ифтихор билан таъкидлаш лозимки, қисқа фурсатда мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт ҳаётида ҳам айни тизим тўлақонли йўлга қўйилиши борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Ўтган йилдан бошлаб юртимиз ёшлари учун чинакам спорт байрами бўлиш билан бирга, салоҳиятли спортчиларни танлашга қаратилган уч босқичли “Президент олимпиадаси”нинг йўлга қўйилгани янги Ўзбекистон спортининг тарихий юксалиш пойдеворини яратишга асос бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Таъкидлаш ўринлики, бир йил муқаддам ушбу мусобақалар 10 та спорт турида ўтказилган бўлса, бу йилдан 21 та олимпия ва 5 та паралимпия спорт турларини қамраб олгани унинг кўлами янада ошганидан далолат беради.
Дарҳақиқат, “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсуми 21 та олимпия спорт тури бўйича 12-14 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилиши белгиланганлиги иқтидорли спортчиларни ёшлигидан саралаш, аниқлаш имкониятини тақдим этди.
Уч босқичдаги мусобақаларнинг “туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси” сифатидаги I-босқич мусобақалари 208 та туман ва шаҳардаги 324 минг нафардан зиёд ёшларнинг қамраб олинишини таъминлади.
Дастлабки босқичда ғолибликни қўлга киритган 13 минг 195 нафар қизлар ва 16 минг нафардан зиёд спортчи ўғил бола 2-босқичда, яъни ҳудудий босқич саналган “Ҳоким олимпиадаси”да иштирок этиш ҳуқуқига эга чиқди.

Эътиборли жиҳати, “Президент олимпиадаси”нинг илк босқичидан спортчи ёшларнинг рақамлаштиришдан ўтказилиши мамлакатимизда спортчи ва мураббийларнинг ягона электрон базаси шаклланишига ижобий таъсир кўрсатди. Эндиликда бу тизим орқали ҳар бир спорт тури бўйича иқтидорли спортчилар мониторингини юритиш ва уларнинг эришган натижаларини таҳлил қилиш учун зарур маълумотлар шаклланмоқда.
“Президент олимпиадаси” мусобақалари нафақат спорт мактаблари ёки махсус клубларда шуғулланаётган ёшларни, балки умумтаълим мактаб ўқувчиларнинг иштирокини таъминлашга қаратилганлиги туфайли танловнинг шаффофлигини таъминлаб, истеъдодларни саралаш майдонини кенгайтирди.
Бу йилги дастлабки босқич мусобақаларида 300 минг нафардан зиёд мактаб ўқувчилари ва уларга таълим бераётган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг қатнашганлиги таълим даргоҳларига, мамлакатимизнинг чекка-чекка қишлоқ ва маҳалла ёшлари қалбига чемпион бўлиш орзусини жойлади.
Бу йилги “Президент олимпиадаси” республика финал босқичи мусобақаларида қарийб 4 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этмоқда. Уларнинг спорт билан шуғулланиш географиясига қарасангиз, барчаси турли даражадаги спорт мактаблари, тўгаракларининг вакиллари. Улар 2 та босқичда сараланган, тенгдошлари орасида ўз иқтидорини намойиш этган ёшлар.

Рақамларга эътибор қаратсак, II-босқичда 3 минг 753 нафар спортчилар ғолибликни қўлга киритиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Шундан, 1753 нафари спорт, 932 нафари ихтисослаштирилган спорт мактаблари, 830 нафари олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, 94 нафари умумтаълим мактаблари, 62 нафари давлат ихтисослаштирилган спорт интернатлари, 61 нафари маҳорат мактаблари ҳиссасига тўғри келди.
Бу нимадан далолат? Айни манзара ушбу ёш тоифасидаги спортчи ёшларни спорт машғулотларига, оммавий мусобақаларга жалб этиш борасида қилиниши керак бўлган ишлар таҳлилини қайта кўриб чиқиш, уларнинг доимий мониторингини юритиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Хўш, бу йилги “Президент олимпиадаси” мусобақалари аввалги мусобақалардан яна нимаси билан фарқ қилади?
Айтиш лозим, бу йилги мусобақалар қамрови янада ортиши билан бирга унда олтин медални қўлга киритганлар 10 миллион сўм, кумуш медал соҳиблари 5 миллион ва бронза медал эгалари 3 миллион сўм билан тақдирланади.
Мусобақаларни бошқариб боришда минг нафарга яқин ҳакам, техник вакиллар бевосита иш олиб борса, ёшлар терма жамоаларининг мураббийлари, селекционер мутахассислар иқтидорли ёшларни танлаш, саралаш тизимларида иштирок этади.
“Президент олимпиадаси” финал босқичида қатнашиш бахтига эришган ёшларга эътибор қаратсангиз, уларнинг бири Қорақалпоғистоннинг Мўйноғидан, яна бири олис Сурхоннинг Бандихонидан, яна бири Фарғонанинг сўлим Водилидан.
Бугун пойтахтимизда юзлаб 12-14 ёшли спортчиларимиз беғубор қалбларига катта орзуларни жо этиб, “Президент олимпиадаси” майдонида ғолиблик учун курашга киришди.

Нигоҳларида эртанги муваффақиятларга эришишига умиди беқиёс спортчи ёшлар “Президент олимпиадаси” мусобақаларида қатнашаётганлигидан шод. Нияти Олимпиада майдонларида, Жаҳон чемпионатининг шиддатли беллашувларида муваффақиятга эришиб, ўз иқтидорини намойиш этган ҳолда янги Ўзбекистон номини улуғлаш.
Истагимиз, умиди оппоқ, орзулари осмон ёшларимиз улуғ мақсадларга эришиб, янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаш йўлида собит бўлсин.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўтган йиллар давомида “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Талабалар олимпиадаси”, “Президент олимпиадаси”, маҳалла, мактаб ва олий таълим ташкилотларида, вазирлик ва қўмиталарда ўтказилаётган турли миқёсдаги мусобақалар, турнирлар, оммавий спорт ҳаракатлари натижасида аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион нафарга, спорт билан доимий шуғулланувчилар қарийб 1,5 баробарга етди.
Мамлакатимизда спорт инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида кейинги йилларда олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда мингга яқин намунавий спорт майдончалари, мажмуалар, алоҳида спорт турларига ихтисослаштирилган заллар барпо этилди. Ёшлар, маҳалла аҳли, алоҳида спорт мактаблари, клублар, гуруҳлар ихтиёрига топширилдики, бугун ушбу спорт гўшаларида эрта-ю кеч машғулотлар, мусобақалар, оммавий спорт ўйинлари ўтаётганлиги Ўзбек спортининг янги чемпионлар авлоди етишиб келаётганлигининг амалий ифодасидир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА