Мактаб ўқувчилари учун саёҳат
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” ҳудудларда давом этмоқда.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари учун "Ҳарбий қисмда бир куним" шиори остида саёҳат уюштирилди. Ўқувчилар дастлаб Сирдарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан биргаликда "Йўл ҳаракати хавфсизлиги майдони" да бўлди.


Бошқарма ходимлари ўқувчиларни йўл ҳаракати қоидалари билан таништирди. Шундан сўнг, ўқувчилар сафарбарлик чақируви хизматчилари фаолияти билан танишди. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида жойлашган 532-сафарбарлик чақируви резерви батальонида ўқувчилар ҳарбий машғулот, жамоавий спорт ўйинлари ўтказиш жойлари ва комплекс машқ қилиш майдонларини кўрди. Дала машғулотлари ва ўқув биносининг замонавий кўриниши, саёҳат давомида ҳарбий хизматчилар ташкил этган маърифий тадбир, кўргазмали чиқишлар, Президент мактаби ўқувчиларида катта таассурот қолдирди.
Ш.Суяров, ЎзА