Маҳкумлар ҳақ-ҳуқуқсиз эмас
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Шундай мулоқотларнинг навбатдагиси Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Пастдарғом туманидаги ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш департаментига қарашли 37-сонли манзил колониясида ташкил этилди.
“Омбудсман мактаби: ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш” мавзусидаги учрашувда жазони ижро этиш ҳудудлари, манзил колонияларда маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларга яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз борди.

Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзовнинг қайд этишича, кейинги йилларда мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларни сақлаш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали маҳкумларнинг ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда, жиноят-ижроия қонунчилиги халқаро нормаларга мувофиқлаштирилмоқда.
– Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди – деди О.Тошниёзов. – Бу янгилик бугунги кун талаблари асосида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг яқин қариндошлари билан масофадан туриб видео-учрашувлар ўтказиши учун имконият яратишга хизмат қилмоқда.

Мулоқот давомида маҳкум ва маҳбусларга ўз ҳуқуқлари, Омбудсманга мурожаат қилиш тартиби, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиш бўйича мавжуд кафолатлар ҳақида тушунча берилди. Шунингдек, жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин жамиятга мослашиш жараёнида фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий-ҳуқуқий имкониятлар тўғрисида сўз юритилди.
Тадбирда иштирок этган ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бўлими, вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармаси вакиллари билан биргаликда муассасада жазони ўтаётган маҳкумлар, жумладан, оналар ва болаларга яратилган шароитлар ўрганилди. Манзил колонияда ўрнатилган “Омбудсманга мурожаатлар” қутисига тушган шикоятлар кўриб чиқилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири