Маҳаллаларда тадбиркорлар сафи кенгаймоқда
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда маҳаллаларда ишбилармон аёллар сафини кенгайтиришга қаратилган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасидаги кўрик-танловнинг маҳалла босқичи ҳозирги кунда жойларда кенг қамровда ўтказилмоқда.
Жумладан, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси ва Нукус шаҳар Кенгашлари “Аёллар қаноти” фаоллари иштирокида Нукус шаҳридаги “Чимбой чойхона”, “Ғарезсизлик” ҳамда “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғинларида танловнинг маҳалла босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирларда партиядан сайланган депутатлар маҳаллаларда фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Учрашувлар давомида аёлларнинг тадбиркорлик фаолияти, эришган натижалари, мавжуд муаммолари ҳамда келгусидаги режалари билан яқиндан танишилди.

Танлов доирасида “Чимбой чойхона” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган тадбиркор Алфия Тлеўмуратованинг хусусий болалар боғчаси ўрганилди. Мазкур боғчада айни вақтда 150 нафарга яқин бола тарбияланиб, улар учун замонавий шароитлар яратилгани, таълим-тарбия жараёни юқори даражада ташкил этилгани қайд этилди.

“Ғарезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғинида эса тадбиркор Амина Ибодуллаеванинг хусусий корхонаси фаолияти билан танишилди. Нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона бугунги кунда 3 та филиалга эга бўлиб, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб келмоқда. Шунингдек, “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғинида якка тадбиркор Нигора Аленованинг болалар массажи маркази фаолияти ўрганилди. Бизнесини ўз уйи ёнида ташкил этган тадбиркор қисқа вақт ичида бир қатор танловларда юқори натижаларга эришган. 15 йилдан ортиқ тиббиёт соҳасида ишлаган Нигора Аленова бугунги кунда “устоз–шогирд” анъанасини давом эттириб, маҳалладаги хотин-қизлар учун ўқув курсларини ҳам йўлга қўйган.

Танлов жараёнлари маҳаллаларда ишбилармон аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ҳамда янги ташаббусларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири