Маҳаллага янги трансформаторлар ўрнатилди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида аҳолини барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Туманнинг Каримдевона маҳалласида мавжуд 560 дан зиёд хонадонда 2 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ушбу хонадонларнинг аксариятида аҳоли касаначилик асосида меҳнат қилаётган бўлса, қарийб 40 та корхонада тадбиркорлар полиэтилен плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Бироқ эскирган электр тармоқлари ҳамда трансформаторларнинг ортиқча юклама билан ишлаши кўп йиллар давомида маҳалла аҳлини қийнаб келаётган эди.
Аҳоли мурожаатлари асосида туман ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур муаммо бугунги кунда босқичма-босқич бартараф этилмоқда.

Маҳаллада электр таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида ҳар бирининг қуввати 160 кВА бўлган 4 та янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан эски симёғочларни демонтаж қилиш, уларнинг ўрнига жами 167 та янги бетон таянч ўрнатиш ҳамда 1,2 километр узунликдаги 10 кВ ҳаво электр тармоқларини тортиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА