Маҳалла ва ОАВ ҳамкорлиги - янги босқичда
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш, аҳоли муаммоларини оммавий ахборот воситалари орқали тизимли кўтариш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида томонлар ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, ижтимоий муаммоларга ечим топишда медиа имкониятларидан самарали фойдаланиш, журналистлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, миллий қадриятлар ва илғор маҳалла тажрибаларини тарғиб қилиш борасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида ахборот алмашиш, маҳалла манфаатларини ҳимоя қилувчи материаллар тайёрлаш, кўрик-танловлар ўтказиш орқали илғор тажрибаларни оммалаштириш белгиланди. Шунингдек, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва медиатадбирларни биргаликда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Томонлар журналистларнинг маҳаллалар ҳаётини холис ёритиши, таҳлилий, видео ва аудиоматериаллар тайёрлаши орқали долзарб масалаларни кенг жамоатчиликка етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, Маҳаллалар уюшмаси журналистларни зарур ахборот билан таъминлаш, медиатурлар ва матбуот тадбирларини ташкил этиш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.
Учрашув якунида ёш журналистлар ва маҳалла ходимлари учун ўқув семинарлари ўтказиш, ижтимоий тармоқларда самарали коммуникацияни йўлга қўйиш ҳамда халқаро аудитория учун қўшма материаллар тайёрлашга келишиб олинди.
Якунда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
ЎзА