Маҳалла раиси сайлови давом этмоқда
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтмоқда.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, билимдон, адолатли, кўпни кўрган, маҳалла аҳлини хайрли ишларга эргаштира оладиган, ташаббускор, ташкилотчилик қобилиятига эга муносиб номзодлар сайланмоқда.
Андижон шаҳридаги Қаландархона маҳалла фуқаролар йиғинида 5 минг 625 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 3 минг 544 нафари сайлов ёшидаги фуқаролардир. Белгиланган тартибларга кўра сайлов ёшидаги аҳолининг 12 фоиз вакили сайлов жараёнида иштирок этиши белгиланган. Ўтказилган сайлов жараёнида 300 нафар вакил иштирок этди.
Уч нафар номзоддан энг кўп – 287 нафар вакил овоз берган амалдаги раис Шерзодбек Қосимов номзоди энг муносиб деб топилиб, у маҳалла раислигига қайта сайланди.
Маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови жараёнининг дастлабки уч куни давомида вилоятдаги 887 та маҳалладан 233 тасига янги раис сайланди. Фуқаролар йиғинлари раиси сайлови барча маҳаллаларда адолатли, белгиланган тартиблар, демократик тамойиллар асосида ўтказилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА