Маҳалла кутубхонаси — қалби уммон инсонларнинг эзгу ташаббуси
Маҳалладаги кутубхона. У қандай бўлмоғи керак? Бу жой шунчаки китоблар йиғилган жой эмас, одамлар билимга, маърифатга илтилаётган маскан эканини вақтнинг ўзи кўрсатмоқда. Бундай кутубхонани ташкил этишга ташаббускор бўлган инсон наинки минглаб китоблар эгаси, балки уммондек улкан қалб соҳиби бўлиши кераклигига “Маҳалла кутубхонаси — илм ва маърифат кўприги” мавзусидаги давра суҳбати қатнашчилари, ёш китобхонлар, адабиёт мухлислари яна бир карра ишонч ҳосил қилишди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган ушбу анжуман самимий ва қизиқарли руҳда ўтди. Унда маҳаллаларнинг ёшлар тарбияси ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди.

– Маҳаллалар азалдан эзгу ишлар маркази бўлиб келган бўлса, бугун улар китобхонликни кенг тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, — деди Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева. – Ўзи туғилиб ўсган гўшада маърифат ва зиё маскани, мўъжаз кутубхоналар ташкил этаётган устоз ижодкорларнинг фаолияти кўплаб ижодкор зиёлилар учун намунадир.
Давра суҳбатида соҳа мутахассислари, хусусан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов маҳалла кутубхоналарининг жамиятдаги ўрни, уларнинг маънавий муҳитни шакллантиришдаги аҳамияти юзасидан мазмунли маъруза қилди.

Айтиш керакки, таниқли адиб ва журналист Абдусаид Кўчимов томонидан ташкил этилган кутубхона бу маърифат йўлидаги ўзига хос хайрли лойиҳадир.
Кутубхона устоз адиб ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги Деҳқонобод маҳалласида жойлашган. Заҳматкаш ва фидойи устоз Абдусаид Кўчимов ўз ота уйини (ҳовлисини) маҳалла аҳли ва ёшлар учун замонавий кутубхонага айлантирган. Мазкур маскан 2025 йилнинг октябрь ойида тантанали равишда очилган.
Кутубхонанинг асосини адибнинг шахсий кутубхонасидаги 10 минг 500 дан ортиқ ноёб китоблар ташкил этади. Бу ерда жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари, илмий ва маърифий асарлар мавжуд. Китоб фонди доимий равишда янги, бадиий мукаммал адабиётлар билан муттасил бойитиб, тўлдириб борилаётгани эътиборга молик.

Кутубхона Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тармоғига уланган бўлиб, бу китобхонларга катта электрон базалардан фойдаланиш имконини беради. Мажмуа замонавий компьютерлар билан жиҳозланган ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети кутубхонаси билан онлайн алоқа ўрнатган.
Ушбу эзгу ташаббусдан кўзланган асосий мақсад қишлоқ ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, маҳалла аҳлининг маънавий ҳордиқ чиқариши учун шароит яратиш. Бу маскан нафақат китоб сақланадиган жой, балки ижодий учрашувлар ва маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маданият марказига айланган. Бу даргоҳ ёшлар, адабиёт мухлислари аримайдиган файзли маскан.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири