Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ижодий бирлашмалар ташкил этилади
Бу ҳақда “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида қайд этилди.
Ижодий бирлашмаларнинг ижодий раҳбарлари ва уларга ташкилий масалаларни ҳал этишда кўмаклашувчи ҳамраҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
Ижодий раҳбар ўз йўналишида янги иқтидорларни юзага чиқаришга масъул ҳисобланади.
2027 йилдан ижодий бирлашмаларнинг йиллик ижодий ҳисоботи шаклида Миллий ижодкорлар қурултойи ўтказилади ҳамда унда ижодий бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлари Давлат бюджети ҳисобидан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
– ижодкорларнинг бадиий кечаси, маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади;
– 1 йил давомида ҳар ойда 5 млн. сўм миқдорида гонорар тўланади;
– 3 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмай қолган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади;
– давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.
Шербек Исломов, ЎзА