“Лазги” музейи – мумтоз мусиқий обида
“Лазги” эзгулик ва гўзаллик, тинчлик ва дўстлик ғояларини асрлар давомида тараннум этиб келаётган, Хиванинг муаззам миноралари каби юксаклик ва улуғворлик тимсоли бўлган мумтоз мусиқий обидадир”.
Давлатимиз раҳбари жорий йил апрель ойида Хоразмда ўтказилган “Лазги” III халқаро рақс фестивали иштирокчиларига йўллаган табригида “Лазги”ни ана шундай таърифлаган эди.
Дарҳақиқат, “Лазги” шунчаки ўйноқи рақс эмас, уч минг йилдан зиёд шонли тарих ва маданиятга эга бўлган, халқимиз қалбини, унинг нафис туйғуларини ҳайратланарли даражада нозик ҳаракатлар орқали ифода этадиган ноёб санъат дурдонасидир.
Айнан ана шундай беназир хусусиятларига кўра, мазкур нодир асар 2019 йилда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатидан муносиб жой эгаллади.
Сўнгги йилларда “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети жаҳондаги нуфузли саҳналарда муваффақиятли намойиш этиб келинмоқда.
[gallery-31377]
Ҳар йили Шарқ гавҳари бўлмиш кўҳна Хива шаҳрида “Лазги” III халқаро рақс фестивали мусиқа ва санъат байрами сифатида ўтказилади. Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан 300 дан зиёд истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, соҳанинг етук мутахассислари, фахрий меҳмонлар иштирок этадиган фестивалга ЮНЕСКО ҳамда ТУРКСОЙ каби нуфузли халқаро ташкилотлар шафелик қилади. Халқаро рақс фестивалини томоша қилиш учун юз минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюради.
Эндиликда санъат ва ижод ихлосмандлари Хоразм Лазги санъати ва унинг бой тарихи билан миллий санъатимизнинг янги маскани “Лазги” музейида танишишлари мумкин.
Урганч шаҳридаги энг сўлим ҳудудда жойлашган замонавий музей Ўзбекистон замонавий санъат музейининг филиали сифатида ташкил этилди. Ўндан ортиқ бўлимларига эга бўлган “Лазги” музейи Хоразм воҳасининг бетакрор маданий мероси, Лазги рақси ва куйининг тарихи, анъаналари ҳамда бугунги ҳаётини намоён этувчи маскандир.
– Музей Хоразм халқининг бой тарихи, миллий қадриятлари ва санъатини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими раҳбари Дилбар Бекчанова. – Бу ерда Лазги рақсининг қадимий илдизлари, шаклланиш босқичлари ва ривожланиш тарихи ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. Музей экспозицияларида Лазги санъати билан боғлиқ тарихий манбалар, фотосуратлар, миллий либослар ва мусиқа анжомлари намойиш этилади.
Ташриф буюрувчилар Лазгининг ўзига хос ҳаракатлари, оҳанглари ва ижро анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.
Музейда Хоразм рақс ва мусиқа санъатининг машҳур намояндалари фаолияти ҳам кенг ёритилган. Бу рақс турининг бутун дунёга оммалашишига ҳисса қўшган кўплаб ўзбек олимлари ва санъаткорлари орасида Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Санъат назарияси ва тарихи кафедраси профессори, Евроосиё Рақс академиясининг фахрий академиги Гавҳар Матёқубова алоҳида ўрин тутади.
– Мен қарийб олтмиш йилдан ортиқ вақт мобайнида раққоса-балетмейстер, этнограф ва ўзбек миллий рақс санъати тарғиботчиси сифатида Ўзбекистон ва бошқа хорижий мамлакатларда 200 дан ортиқ рақсларни саҳналаштирдим, – дейди Гавҳар Матёқубова. – Миллий рақс санъатимизга бағишланган “Лазги” (2017), “Санъат фидойиси” (2018), “Лазги: севги ва қалб рақси” (Қоҳира, 2022), “Хоразм лазги рақси: тарих ва тавсиф” (2022), “Хоразм лазгиси тарихи” (2023) каби китоблар, “Хоразм рақс ҳаракатлари номларининг ўзбекча-русча-инглизча-французча-туркча қисқача изоҳли луғати” каби рисолалар ва монографиялар яратдим. Уларнинг барчасини шу музейдан топиш мумкин. Ҳозир “Ўзбек ва ҳинд рақслари” ҳамда “Лазгининг Авестога оид илдизлари” монографиялари устида илмий изланишлар олиб бормоқдаман. Ушбу музей миллий рақс санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёшларда санъатга бўлган муҳаббат туйғуларини камол топтириш, ижодий алоқалар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади.
Музей Хоразмнинг маданий туризм салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. Музей залларида замонавий технологиялар ёрдамида Лазги тарихи ва унинг бетакрор ижро услуби янада қизиқарли ва таъсирчан тарзда намойиш этилади. Бу ерда меҳмонлар ҳатто рақс тушишлари, чолғулардан ижро этиб, куйлашлари ҳам мумкин.
– Музейимизда “Қайроқ лазгиси”, “Дутор лазгиси”, “Сурнай лазгиси”, “Масхарабоз лазги”, “Сарой лазги”, “Чангак лазги”, “Хива лазги”, “Гармонь лазги” ва “Яллали лазги” каби “Лазги”нинг тўққизта турига бағишланган экспозицияларни учратиш мумкин, – дейди музей директори Камрон Саидов. – Ушбу экспонатлар мазкур рақснинг қайси даврларда, қандай шакллангани тўғрисида маълумот беради. Тарих фани асосчиларидан бири бўлган Геродот бундан 2500 йил аввал “ОКС”(Амударё) дарёси бўйида Хоразмийлар олов ёқиб, гулхан атрофида рақсга тушганликларини ёзиб қолдирган. Бу ерда шунга ўхшаган қизиқарли, тарихий фактлар жуда кўп.
“Лазги” музейи тарих, санъат ва миллий руҳ уйғунлашган, Хоразмнинг бебаҳо маданий меросини дунёга танитувчи ноёб маскандир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари