Куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ўрганишлар олиб борилди
Шу кунларда юртимиз бўйлаб куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу борада айниқса, аҳоли кўп ва зич жойлашган пойтахтимиз ҳудудларида муайян чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши аҳолига қулайлик яратиш, турли кўнгилсизликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур йўналишдаги ишлар депутатларнинг ҳам доимий диққат-марказида бўлиб турибди. Хусусан, халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат Г.Раҳмонова ўзи сайланган "Зангиота" маҳалла фуқаролар йиғинида оқова сув тармоқлари масаласи бўйича ишларни ўрганди.
Аҳоли мурожаатлари асосида олиб борилган ўрганишлар давомида партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ҳамда мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Ўрганишда маҳалла ҳудудидаги Жиззах ва Беш Лола кўчаларида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида оқова сув тармоқларини ўрнатиш бўйича олиб борилган ишлар кўздан кечирилди.
Мазкур ҳудудларда 220 метр узунликдаги оқова сув тармоқларини ўрнатиш ишлари олиб борилиб, ушбу кўчалардаги хонадонларга тўлиқ улангани маълум бўлди.
Халқ вакили куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш борасидаги бошқа саъй-ҳаракатлар билан ҳам яқиндан танишиб, тегишли тавсиялар берди.
М.Комилова,
ЎзА