Креатив ғоялар беллашувида ёшлар ўз салоҳиятларини намойиш этишди
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти Касбий таълим бошқармаси ҳамкорлигида Сирдарё илғор касбий маҳорат техникумида ташкил этилган «Креатив тадбиркор ёшлар» форумида ёшлар ўз ғоя ва ташаббусларини намойиш намойиш қилишди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, Сирдарё вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Шоҳиста Намозова, Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат маркази масъул ходими Мадина Бошманова, Сирдарё вилояти «Келажак» маркази масъул ходими Қобил Холмирзаев ҳамда Касбий таълим агентлиги масъул ходими Шавкат Файзуллаевлар қатнашишди.

Форумда ёшларнинг касбий маҳоратларини ошириш, ижодий салоҳиятларини ривожлантириш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, замонавий касбларни пухта эгаллаш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ва янгича фикрлаш ёшларнинг келажакда ўз ўрнини топиши ҳамда муваффақиятли фаолият юритишида муҳим аҳамиятга эга.

Беллашув давомида иштирокчилар ўзлари эгаллаган касб ва ҳунарлар бўйича маҳоратларини намойиш этиб, ижодий ишлари, инновацион ғоялари ва амалий лойиҳаларини тақдим қилди. Ёшларнинг янгича ёндашувлари, ташаббускорлиги ва ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этишга бўлган интилишлари форумга ўзига хос мазмун бағишлади.

Шунингдек, мулоқотлар жараёнида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Форум якунида иштирокчиларнинг чиқишлари ва тақдим этган ишланмалари натижаларига кўра, Сирдарё илғор касбий маҳорат техникуми ёшлари биринчи, Гулистон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ёшлари иккинчи, Ширин энергетика техникуми ёшлари учинчи ўринни эгаллашди. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Мазкур форум ёшларнинг касбий маҳорати ва ижодий имкониятларини юзага чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ғояларни амалий лойиҳаларга айлантиришга рағбатлантириш учун самарали мулоқот майдони бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири