Кожаэлида Турк дунёси ёшлари учрашуви ташкил этилади
Жорий йил 9-11 октябрь кунлари Туркиянинг Кожаэли шаҳрида «Турк дунёси ёшлари учрашуви» бўлиб ўтади.
«Умумий мерос, ягона юрак» шиори остидаги мазкур тадбир Туркий давлатлар билан алоқалар ташкилоти ҳамда Кожаэли шаҳри ҳокимияти ҳамкорлигида ташкил этилади.
Анжуманда ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатлардан вакиллар, 400 нафарга яқин университет талабаси, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштироки кутиляпти.
Жумладан, Ўзбекистондан блогерлар, журналистлар, рақамли контент яратувчилар ва санъаткорлар ҳам қатнашади.
Тадбир дастуридан Турк дунёси етакчи медиа мутахассислари иштирокидаги «Турк дунёси медиа сессияси», шунингдек рақамли коммуникация, ижтимоий тармоқдаги ҳамкорлик ва замонавий ахборот макони имкониятига бағишланган муҳокамалар ўрин олган.
Учрашувнинг расмий очилиш маросими 9 октябрь куни Конгресс марказида ўтади. Дастурдан Турк дунёси тарихи ва маданиятини акс эттирувчи видео лавҳалар, миллий рақслар, расмий нутқлар ҳамда концерт чиқишлари ҳам жой олган.
Форум доирасида иштирокчилар учун маданий тадбирлар, шаҳар бўйлаб экскурсия, ижтимоий лойиҳалар ва дўстона мулоқот майдончалари ҳозирланади. Тадбир 11 октябрь куни туркий халқлар бирдамлиги ва муштарак қадриятларини ифода этувчи гала-концерт билан якунланади.
Ташкилотчилар ЎзА мухбирига берган маълумотга кўра, учрашувнинг асосий мақсади туркий давлатлар ёшлари мулоқоти ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ижодий ва медиа соҳаларда тажриба алмашиш, шунингдек умумий маданий меросни замонавий рақамли платформалар орқали кенг тарғиб қилишдан иборат.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия