Косонда илк бор юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилди
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари илк бор туман даражасида муваффақиятли амалга оширилди.
Аҳамиятлиси, мураккаб операциялар республика ва вилоятнинг етакчи кардиожарроҳлари, Болалар миллий тиббиёт маркази, вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Косон туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилди.
Мутахассислар иштирокида туғма юрак нуқсони билан туғилган икки нафар болада режалаштирилган кардиожарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Етти ёшли Абдуллоҳ ва уч ёшли Бекзод болалигидан туғма юрак нуқсони билан диспансер назоратида бўлиб келган.
Мазкур операциялар «Vaqf-2» лойиҳаси доирасида беморлар учун бепул амалга оширилди. Айни пайтда болаларнинг аҳволи яхши бўлиб, мутахассислар назорати остида тикланиш жараёнини ўтамоқда.
Қайд этиш жоизки, Қашқадарё вилоятида 2026 йил давомида туғма юрак нуқсони билан туғилган 50 нафардан ортиқ болада юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
Косон туманидаги мазкур амалиётлар эса республика ва вилоятнинг етакчи мутахассислари иштирокида туман шароитида туғма юрак нуқсони бўлган болаларда амалга оширилган илк юқори технологияли кардиожарроҳлик операциялари сифатида аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири