Бугунги кунда сув ҳавзаларига турли корхоналар томонидан зарарли оқова сувларни оқизиш ва сувларни ифлослантириш ҳолатлари тез-тез содир этилмоқда. Аммо бу каби ҳолатлар учун компенсация миқдори кам.
Масалан, биргина теричилик корхонасида меъёрдан ортиқ ифлосланган сувни оқизганлик учун бир ойда ўртача 1,3 миллион сўм компенсация ҳисобланган. Бирламчи локал оқова сув тозалаш иншоотини ўрнатиш учун эса 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Бу вазиятда эса корхоналар сув тозалаш иншоотини ўрнатиш ўрнига арзимаган компенсация тўлаш йўлини маъқул кўришмоқда.

Эндиликда ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, оқова сув тармоқларига қорамол териси матоларини бўяш, ёғ-мой, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, паррандачиликка ихтисослашган корхоналар ва кушхоналардан чиқариладиган чиқиндиларни оқизганлик учун компенсация миқдори 2025 йил 1 октябрдан 20 бараварга оширилди. Ҳар бир тоифа сув объектлари бўйича экологик зарар етказмайдиган даражада стандартлар ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовнинг “Оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида”ги ахбороти эшитилди.

Вазир таъкидлаганидек, мамлакатимизда аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматларини яхшилаш, соҳанинг трансформация жараёнини жадаллаштириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминотини ошириш ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Масалан, 2022-2024 йилларда республика бюджети маблағлари ҳисобидан 78 та оқова сув иншооти, 115 та оқова сув кўтариш иншооти, 1 минг 28 км оқова сув тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан 6 та оқова сув иншооти, 9 та оқова сув кўтариш иншооти, 403 км оқова сув тармоқларини қуриш ишлари бажарилган. Натижада 7,7 миллион аҳолига хизмат кўрсатиш ташкил этилиб, марказлашган оқова сувларни чиқариб юбориш хизмати кўрсатиш даражаси 17,6 фоиздан 20,5 фоизга етказилган.

Аҳолини оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражасини янада ошириш мақсадида жойларда ўрганишлар олиб борилган ва аниқланган муаммолар юзасидан чоралар кўрилаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, кўп қаватли уйларда ҳосил бўладиган оқова сувларни тозалаш учун қурилган 43 та локал сув тозалаш иншоотлари таъмирталаблиги ва 41 таси етарлича эксплуатация қилинмагани аниқланди. Ўрганишлар натижасида шаклланган таклифлар асосида жорий йилда 200 км оқова сув тармоқларини тортиш, 13 та оқова сув иншоотини, 34 та оқова сув кўтариш иншоотини қуриш режалаштирилган.
Жаҳон банки маблағлари кўмагида бир қатор ҳудудларда оқова сув тизимлари реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Жорий йилда бир қатор лойиҳалар доирасида 176 миллион долларлик ишларни амалга ошириш орқали 319 км оқова сув тармоқларини тортиш ва 14 та иншоотни қуриш режалаштирилган.
Envirol компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа доирасида ошхоналардан чиқадиган оқова сувлар таркибидаги ёғларни фильтрлаш кўзга тутилган.
Мажлисда депутатлар соҳада эришилаётган ютуқларни алоҳида қайд этиб, оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини модернизация қилиш бўйича айрим лойиҳаларнинг ижроси ўз вақтида таъминланмагани, оқова сувларни қайта ишлашда замонавий технологиялардан самарали фойдаланилмаётгани, айрим саноат корхоналарининг ташланмаларидаги ифлослантирувчи моддалар рухсат этилган меъёрлардан юқори ҳолатда чиқариб юборилаётганини танқид остига олдилар.
Бир қатор саволлар кўтарилиб, ичимлик суви сифатини таъминлаш, оқова сувлардан қайта фойдаланишни ташкил этиш ва оқова сувлар таркибини онлайн мониторинг қилиш тизимини яратиш бўйича таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА