Корхона “Ваколатли иқтисодий оператор” мақомини олди
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида фаолият юритаётган, дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек, импорт ва экспорт фаолияти билан шуғулланувчи “Qadrli MCHJ” корхонаси ташқи иқтисодий фаолиятда шаффоф ва самарали иш услуби туфайли “Ваколатли иқтисодий оператор” мақомига эга бўлди.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Нодиржон Салимжонов корхона ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида маълум қилди ҳамда корхонага тегишли гувоҳномани топширди.

Ушбу мақом корхонанинг божхона тартиб-таомилларига тўлиқ риоя этган ҳолда, ҳалол ва барқарор фаолият юритиб келаётганини тасдиқлайди. Шу билан бирга, бу ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш, божхона расмийлаштирувларида енгилликлардан фойдаланиш ҳамда экспорт операцияларини тезкор амалга ошириш имкониятини беради.
– “Ваколатли иқтисодий оператор” мақоми биз учун катта ишонч ва масъулиятдир. Бу нафақат корхона фаолиятининг тўғри йўлга қўйилганини, балки ташқи иқтисодий фаолиятда шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларига тўлиқ риоя этиб келаётганимизни ҳам тасдиқлайди. Энг муҳими, ушбу мақом ишлаб чиқариш жараёнларини янада тезлаштириш, божхона расмийлаштирувларида енгилликлардан фойдаланиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади, – деди корхона раҳбари Камолиддин Каримов.

Маълумотларга кўра, “Qadrli MCHJ” томонидан 2026 йилнинг ўтган 4 ойи давомида умумий вазни 6,2 минг тонна, қиймати 1,3 миллион АҚШ долларига тенг хомашё “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими асосида расмийлаштирилган. Бу корхонада хомашёни қайта ишлашга асосланган ишлаб чиқариш тизими самарали йўлга қўйилганини кўрсатади.
Шу давр мобайнида қайта ишланган тайёр маҳсулотларнинг қарийб 900 минг АҚШ долларига тенг қисми хорижий давлатларга экспорт қилинган бўлиб, бу корхонанинг ташқи бозорлардаги ўрни мустаҳкамланаётгани ҳамда мамлакат экспорт салоҳиятига қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётганидан далолат беради.

Очиқ мулоқот якунида божхона бошқармаси масъуллари “Ваколатли иқтисодий оператор” мақоми корхонанинг ишончли ҳамкор сифатида тан олиниши, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳамда янги экспорт бозорларига чиқишида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири