Коррупцияга қарши кураш — амалда
Жиззах шаҳрида яна бир коррупциявий ҳолатга чек қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Энергосавдо” филиалининг шаҳар бўлими ходими Э.М. қўлга олинди.
Аниқланишича, у “Sim-sim” оилавий корхонасининг ишлаб чиқариш цехи электр тармоғига ноқонуний улангани юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига корхона раҳбаридан 10 миллион сўм талаб қилган. Мазкур маблағни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонун устуворлиги таъминланаётган бугунги шароитда ҳар қандай ноқонуний келишув ва яширин манфаатлар фош этилиши муқаррар. Жамият манфаатига зид ҳар қандай ҳаракат жазосиз қолмайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири