Корея тажрибаси Ўзбекистон рақамли ислоҳотларига қандай ёрдам беради?
Ўз билим ва салоҳиятини ривожлантириш учун бошқалар тажрибасидан фойдаланган мутахассиснинг маҳорати ҳам, ишдаги натижаси ҳам ортиб бораверади. Айниқса, бугунги кунда рақамлаштиришдаги ислоҳотлардан ҳеч ким ортда қолишни истамаса керак. Боиси, бутун дунёда сунъий интеллект кундан-кунга ривожланиб, янгиланиб боряпти.
Шу мақсадда Корея Республикасида Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари салоҳиятини ривожлантириш институти ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш дастури”да Ўзбекистондаги вазирлик ва ҳокимлик мутахассислари ўз билим ва малакаларини оширмоқда.

Хўш, Кореяда бошланган рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича малака ошириш дастури рақамли ислоҳотларга қандай ёрдам беради?
Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассисларининг маълумот беришича, мазкур Дастур доирасида иштирокчилар рақамли ҳукумат, давлат бошқарувида инновацион ёндашувлар, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда Кореянинг илғор тажрибаларига бағишланган ўқув машғулотлар ва амалий ташрифларда қатнашади.

Ушбу тажриба келгусида давлат хизматларини тезлаштириш, AI орқали самарадорликни ошириш имконини яратиши кўзда тутилган.

Корея Республикаси гранти асосида амалга оширилаётган ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида рақамли трансформация бўйича тажриба алмашиш ҳамда мутахассислар салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА