Корея билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Вон До Ён ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Шавкат Умурзоқов элчи жанобларини янги лавозимга тайинланиши муносабати билан табриклаб, бу тайинлов икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришига ишонч билдирди.
Тадбирда туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва таълим каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш йўллари таклиф этилди. Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашнинг асосий воситаси сифатида ахборот алмашиш ва бизнес алоқаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жаноб Вон До Ён ўз навбатида, сўнгги икки йил ичида Тошкентда содир бўлган ўзгаришларни юқори баҳолаб, Жанубий Корея ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятга қизиқиши борлигини таъкидлади.

Учрашув доирасида меҳмонга йўл инфратузилмаси, энергетика, сув таъминоти, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги муҳим лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди. Жумладан, Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод“ махсус иқтисодий зонаси, унинг салоҳияти ва инвесторлар учун яратилган шарт-шароитларга алоҳида эътибор берилди.

Хусусан, “Янги авлод” МСЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун зарур бўлган ер участкалари бошқарувчи компания томонидан Е-auksion электрон савдо платформаси орқали ижарага берилади. МСЗ ҳудудида 2025 йил якунигача 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдоригача тўғридан тўғри чет эл инвестициялари ўзлаштирилиши, натижада 2,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.
Учрашув сўнгида томонлар мулоқотни давом эттириш ва икки халқ манфаатлари йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятларни излашга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА