Корея банки билан касбий таълимни модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳага қадам қўйилди
Мамлакатимизда таълим тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, айниқса, касбий таълимни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Корея Экспорт-Импорт банки (Eximbank)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сангжинг Канг ўртасида бўлиб ўтган учрашув ана шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, касбий таълим муассасаларини модернизация қилишга қаратилган қўшма лойиҳани амалга ошириш, унинг амалий босқичларини жадаллаштириш масалалари асосий эътибор марказида бўлди.

Музокараларда касбий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда илғор таълим технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, рақамли лабораториялар ташкил этиш, интерактив таълим муҳитини шакллантириш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва замонавий ўқув контентларини яратиш лойиҳанинг муҳим таркибий қисми сифатида қайд этилди.
Учрашув давомида лойиҳани амалга ошириш жараёни, тайёргарлик ишлари ва ташкилий босқичларда эришилган натижалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда самарали амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида эса ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, барча жараёнларни мувофиқлаштириш ва қўшма лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик касбий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва иқтисодиёт тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА