Кўп квартирали уйларни рухсатномасиз қурганлик учун жавобгарлик кучайтирилди
Инсон хотиржам яшаши учун, энг аввало, қулай ва хавфсиз уй-жойга эга бўлиши керак. Аммо, кейинги пайтда янги қурилаётган уйлар замонавий ва қанчалик кўркам бўлмасин, уларнинг қандай қурилгани, сифати, хавфсизлиги одамларни кўпроқ ўйлантирмоқда.
Чунки кейинги пайтда жуда қисқа муддатда қурилаётган кўп қаватли уйлар қурувчиларнинг пул кетидан қувиш “пойга”сига ҳам ўхшаб қолгани сир эмас. Ўрганишларда уларнинг сифатсиз қурилгани аниқлангани ёки ҳужжатлари пухта бўлмаганлари ҳам учрагани шуни тасдиқлади.
Бу каби ҳолатларга барҳам бериш мақсадида «Қурилиш соҳасида давлат назорати ва бошқаруви янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 28 сентябрда имзолаган мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов билан суҳбатлашдик.

– Айтиб ўтиш керакки, Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари жалб этилган ҳолда бино ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда экспертизадан ўтказишда янги сейсмологик кўрсаткичлардан фойдаланиш ҳолати ўрганилган.
Унда 11 минг 834 кўп квартирали уйнинг зилзилабардошлиги хатловдан ўтказилган. Натижада 3 минг 107 уй-жой хусусий экспертизадан ўтказилгани, 1 минг 434 таси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси рўйхатидан ўтмагани аниқланган. 185 тасида эса ноқонуний равишда қўшимча қаватлар қурилгани маълум бўлган.
2025 йил 1 июлдан ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни мазкур инспекциядан рўйхатдан ўтказиш тўхтатилган бўлса-да, ноқонуний қурилишлар сони яна 213 тага ошган.
Бу каби ҳолатлар қурилиш соҳасидаги давлат назоратини кучайтириш, биноларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш ва аҳоли хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарурлигини кўрсатди.
– Қонун билан қандай ҳуқуқий чоралар белгиланди? Рухсатномасиз кўп квартирали уй қурганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилди?
– Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Асосий мақсад – кўп квартирали уйларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш ҳолатларининг олдини олиш ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришдан иборат.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, кўп квартирали уйларни тегишли инспекциялар рухсатномасисиз қурганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари, мансабдор шахсларга эса 450 баравари миқдорида жарима солинади.
Бундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, жиноий жавобгарлик келиб чиқади. Жумладан, Жиноят кодексига киритилаётган нормага кўра, рухсатномасиз кўп квартирали уй қуриш такроран содир этилган тақдирда, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Мазкур чоралар рухсатсиз қурилишларнинг олдини олиш, қурилиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва аҳоли ҳаёти ҳамда саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.
– Қонун билан шаҳарсозлик соҳасида ҳам ўзгаришлар назарда тутилган. Мастер режаларнинг ҳуқуқий мақоми ва уларга қўйиладиган талаблар қандай?
– Шаҳарсозлик кодексига мастер режаларни шаҳарсозлик ҳужжатларидан бири сифатида белгилашга қаратилган қўшимча киритилди. Уларга қўйиладиган асосий талаблар ҳам белгиланди.
Мастер режалар ҳудудларда мавжуд бўлган аниқ муаммоларни бартараф этишга йўналтирилиши, уларда шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа йўналишлардаги лойиҳа ечимлари мужассам бўлиши назарда тутилган.
Бу эса ҳудудларни ривожлантиришни режали ташкил этиш, шаҳарсозлик ечимларини ўзаро мувофиқлаштириш ва мавжуд муаммоларни тизимли ҳал қилиш учун ҳуқуқий асос яратди.
– Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тартибида ҳам ўзгаришлар бўляпти. Бу борада қандай янгиликлар жорий этилади?
– Қонун билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаш ҳамда қуриш, шунингдек, хавфи юқори бўлган объектларни лойиҳалаш ва қуриш учун лицензияларни амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда бериш талабини бекор қилиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш тартиби ўрнига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияларидан ушбу ишларни бошлаш учун рухсатнома олиш тартиби жорий этилади.
Бу орқали қурилиш ишларини бошлашдан олдин уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини назорат қилиш имкониятлари кенгайтирилади.
– Биноларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш ва қурилиш соҳасидаги назоратни кучайтириш бўйича ваколатли органларнинг вазифалари нимадан иборат?
– Қонун билан «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонунга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг айрим ваколатларини қайта кўриб чиқишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси этиб ўзгартирилди.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларига бир қатор қўшимча ваколатлар берилди. Жумладан, улар қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳамда қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат беради.
Қурилаётган бино ва иншоотларнинг сейсмик хавфсизлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилади.
Буюртмачиларнинг техник назоратни амалга ошириш бўйича ишларини ва ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назоратини текширади. Ушбу назорат турлари сифатсиз амалга оширилган тақдирда, айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Электрон техник паспортлар асосида бинолар ва иншоотларни сейсмик жиҳатдан заифлиги бўйича таснифлаш, уларни инструментал-техник текширувдан ўтказиш ҳамда зилзилабардошлигини ошириш ишларида иштирок этади.
Қурилаётган биноларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш ва мавжуд биноларнинг зилзилабардошлигини ошириш учун зарур чораларни кўради. Сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилган барча турдаги бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур маълумотларни қамраб олган электрон техник паспортларни шакллантиради.
Ушбу ваколатлар қурилиш ишларининг сифатини назорат қилиш, биноларнинг сейсмик хавфсизлигини баҳолаш ва эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш бўйича давлат органларининг имкониятларини кенгайтиради.
– Қонун қабул қилиниши билан қурилиш соҳасида қандай амалий натижалар кутилмоқда?
– Қонун қурилиш соҳасида давлат назорати ва бошқарувини янада такомиллаштириш, бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ҳамда сейсмик хавфсизлигини таъминлаш, бу борада масъул субъектларнинг ваколатларини аниқлаштириш ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, белгиланаётган ҳуқуқий механизмлар орқали рухсатсиз қурилишларнинг олдини олиш, қурилиш жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва аҳоли учун хавфсиз турар жой муҳитини яратиш имкониятлари яратилади
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 30 декабрда кучга киради.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди.