“Кўнгил экологияси” расмлар танлови
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Тошкент давлат транспорт университетида “Кўнгил экологияси” шиори остида расмлар танлови бўлиб ўтди.
Унда иштирокчи ёшлар табиатни асраб-авайлаш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраш ҳамда экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган суратлар чизиб, ўз иқтидорини намойиш этдилар. Энг муҳими, ижодкорлар ушбу расмлар орқали экологияга муносабатини ифодаладилар.
Танловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари Дилдора Камолова ҳамда Ойбек Отамуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, экологик муаммолар авж олиб бораётган айни пайтда ёш авлод вакилларининг экомаданиятини юксалтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Танловда Тошкент шаҳридаги 15 дан зиёд олий таълим муассасасидан жами 100 дан ортиқ талаба-ёшлар фаол иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан атроф-муҳитни асрашга ундовчи, экологик маданиятни юксалтиришга сабаб бўлувчи, эстетик завқ улашадиган суратлар яратилиб, тақдим этилди. Улар яратган ижодий расмлар томошабинни табиат тароватини ҳис қилиш, уни асраб-авайлаш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундайди.
М.Комилова, ЎзА