Коллеж қошида корхона
Наманган шаҳридаги Давлатобод енгил саноат касб-ҳунар коллежи қошида тикувчилик ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
Наманган шаҳридаги Давлатобод енгил саноат касб-ҳунар коллежи қошида тикувчилик ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.Аҳоли бандлиги, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидандир. Истиқболли иқтисодий ислоҳотлар, кенг имконият ва имтиёзлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган корхонада юздан зиёд янги иш ўрни яратилди, – дейди Наманган вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Раҳматжон Ғуломов. – Корхона ўқув-ишлаб чиқариш базаси, қўшимча даромад манбаи ва бошқа кўплаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг дебочаси сифатида вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги барча муассасалар учун тажриба мактаби вазифасини ўтайди.
Корхона коллеж тасарруфидаги бўш турган эски ошхона биносини реконструкция қилиш йўли билан барпо этилди. Бинонинг биринчи қаватида тайёр маҳсулотларни намойиш этишга мўлжалланган кўргазмалар зали, ишчи-хизматчилар учун ошхона, ювиниш ва кийиниш хоналари жойлашган. Иккинчи қавати ишлаб чиқариш цехига ажратилди. Цехда 65 замонавий тикув дастгоҳи ўрнатилди. 365 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган корхонада иш икки сменада ташкил этилади.
– Шу коллежда билим олдим, тикувчилик касбини эгалладим, – дейди битирувчи Шоҳиста Азизова. – Бу ерда янги корхона ташкил этилиши билан иш ўрнимиз тайин бўлганидан, у ўзимиз ўқиган қадрдон ўқув даргоҳи қошида очилганидан жуда хурсандман. Биз, ёшларнинг замонавий билим олишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз йўлида яратилаётган кенг имкониятларга астойдил меҳнатимиз билан жавоб берамиз.