Кластернинг афзалликлари нимада?
Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси пахтакорлари жорий йил 36 минг тонна пахта тайёрлашга азми қарор қилган.
Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси пахтакорлари жорий йил 36 минг тонна пахта тайёрлашга азми қарор қилган.
Ана шу эзгу мақсад йўлида эрта баҳорда 14 минг 500 гектар майдонга чигит экилди. Пахтачиликка ихтисослашган 8 хўжаликда 200 га яқин оилавий пудратчилар барча зарур агротехник тадбирларни талаб даражасида амалга ошириб, мўл ҳосил етиштирди.
Қўшма корхонада етиштирилаётган нафақат пахта, бошқа экин турларининг ҳам янги ва истиқболли навларини яратиш, мўл ҳосил олиш, сақлаш ва қайта ишлашни илмий жиҳатдан асосланган ҳолда тўғри амалга ошириш учун малакали мутахассис ва олимлар билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Янги техника ва илғор технологияларни синаш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятларни янада кенгайтириш, олимларнинг эркин ишлаши учун қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Айни пайтда корхонада 5 мингдан зиёд доимий ишчи меҳнат қилаётган бўлса, 25-30 минг киши мавсумий ишчиларга жалб этилади. “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамияти томонидан режалаштирилган барча лойиҳалар ишга туширилса, доимий иш билан таъминланганлар сони 10 мингдан ортади.
Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш инновацион технологиялар асосида амалга оширилмоқда. Жамоа аъзолари пахта ҳосилини асосан машинада териб олишни мақсад қилган. Айни пайтда АҚШ технологияси асосида Хитойда ишлаб чиқарилган 6 қаторли 16 та замонавий пахта териш машинаси кластер далаларида юқори унум билан ишлатилмоқда.
Бундан ташқари, қўл теримида Мирзаобод тумани ҳудудидаги “Bek Сluster”нинг 5 та хўжалигида 1000 нафар оилавий пудратчилар, 15 минг нафар шу тумандаги маҳаллаларнинг, Ховос туманидаги 3 та хўжаликда 600 нафар ва шу туманда истиқомат қилувчи 10 минг нафарга яқин ҳашарчилар йиғим-теримда фаол иштирок этмоқда.
Терилган пахта ҳосили жамоанинг ўзига тегишли бўлган 115 дона транспорт тракторлари билан 230 дона тиркамаларда ва транспорт хизмати кўрсатиш фирмасидан чақирилган 6 дона пахта ташиш юк автомобилларида “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Туркиянинг “SUMER” компанияси билан ҳамкорликда барпо қилинган пахтани қайта ишлаш заводига пешма-пеш ташилиб, шу ернинг ўзида 100 фоиз пахта қайта ишланмоқда.
Қайта ишланган пахта маҳсулотидан мато тўқиш, уни бўяш ҳамда ундан эркаклар, аёллар, болалар, ётоқ, уй-рўзғор кийимлари, умуман 90 хилдаги маҳсулотлар “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги “Орзу текс”, “Сарбон текс” МЧЖлар ҳамда “Welford” қўшма-корхонасида тайёрланмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинмоқда.
– 16 дона пахта териш машиналаримиз билан бир кунда 1-1,1 минг тонна, ҳашарга чиққан қўл теримидагиларнинг терган пахтаси билан қўшиб ҳисоблаганда, 1,5-1,6 минг тонна қимматбаҳо хом ашё йиғиб-териб олинмоқда, – дейди “Bek Сluster” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси ташкилий назорат гуруҳи бошлиғи Элёр Жумаев. – Шу кунгача уйган хирмонимиз 25 минг тоннадан ортди. Бу белгиланган режамизнинг 70 фоизидан ошди, деганидир. Мақсадимиз ҳар гектар майдондан 32 центнердан ҳосил кўтариш. Ҳали биринчи теримни охирига етказганимиз йўқ. Ҳозирча ҳосилдорлик ўртача 30-35 центнерни ташкил этмоқда.
Уруғлик чигит “Bek Сluster” қўшма корхонасининг ўзида тайёрланади. Жамоа аъзолари шу мақсадда, жорий мавсум уруғлик учун 1 минг 500 тонна пахта йиғиб-териб олишни режалаштирган бўлиб, шу кунгача 1 минг тоннадан ортиқ уруғлик олий навли пахта териб олинди.
Бундан ташқари, жорий мавсумда жамоа аъзолари 314 гектар майдонга томчилатиб суғориш усулида чигит эккан эди.
– Мирзаобод туманидаги пахта майдонимизнинг 214 гектарига, Ховос туманидаги 100 гектар майдонга Туркия ва Хитой технологиясини уйғунлаштириб, унга ўзбекона қўшимчалари билан чигит экдик, – дейди Элёр Жумаев. – Тўғриси, томчилатиб суғориш усулида бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тажрибамда учраган, аммо томчилатиб суғориладиган пахтани биринчи бор ўз фаолиятимда кўраяпман. Ишонасизми, бу майдондан оладиган ҳосилдорлигимиз ҳозирнинг ўзида 45-50 центнерни ташкил этаётир. Бу ерда ҳам ҳали биринчи терим тугамади. Хуллас, натижалар кутганимиздан зиёда.
“Bek Сluster”га қарашли 3 та МТП пахта йиғим-терими ишларини олиб боришга хизмат кўрсатади. Бу МТПларнинг қошида кўчма устахоналар ташкил этилган бўлиб, пахта териш машиналарини ёқилғи билан таъминлаш, зарурат туғилганида таъмирлаш, эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ишларини дала бошида амалга оширилаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
АҚШ технологияси асосида Хитойда ишлаб чиқарилган 6 қаторли пахта териш агрегатлари иши билан танишиш мақсадида қўшма корхонанинг Мирзаобод тумани ҳудудидаги “Оқолтин” хўжалиги даласида бўлдик.
– Ҳар гектар пахта майдонидан 35 центнердан ҳосил кўтариб, жами хирмонни 6 минг тоннадан ошириш мақсадида астойдил меҳнат қиляпмиз, – дейди “Оқолтин” хўжалиги раиси Абдулла Деҳқонов. – Сиз ҳозир кўриб турган 2 дона 6 қаторли комбайн Сарвар Ҳакимовнинг оилавий пудрат даласида пахта термоқда. Хўжалигимизда бу серунум агрегатларнинг 4 таси ишламоқда. Операторларимиз Бахтиёр Шодмонқулов, Ориф Каримов, Сарабек Пардаев, Бекзод Қурбонов ва яна бир қатор механизаторларимиз ҳар бир машинада бир кунда 70-80 тоннагача пахта тераётир.
Дарвоқе, нафақат ушбу хўжаликда, балки, “Bek Сluster” далаларида пахта йиғим-теримига бириктирилганлар учун иш 2 сменада ташкил этилган. Бир сменада ишлаётган қўл теримидаги ҳашарчилар учун бир маҳал, машина теримида иштирок этаётганлар учун 4 маҳал иссиқ овқат ташкил этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
– Машинага гап йўқ, – дейди 6 қаторли пахта териш машинасини бошқараётган тажрибали оператор Бахтиёр Шодмонқулов. – Кабинасидаги қулайликлар, эшик-деразаларидаги шовқин ва чанг киритмагич (изолация), кондинцонер, ўта қулай ўтирғич ўриндиқлар, хуллас, комфортга гап йўқ. Мазза қилиб, чарчамай ишлайсан.
Ушбу машиналарда кечаси намгарчилик бўлмаган пайтлари ёрдамчим билан бир кунда 70-80 тоннагача пахта терапмиз. Пахта териш мавсумининг ўзида ҳар бир оператор 12 миллиондан 20 миллион сўмгача ойлик маош олишимиз мумкин. Ҳаммаси қилган меҳнатимизга, ўзимизга боғлиқ.
– Кластерни афзаллик томонлари жуда кўп экан, – дейди жамоанинг тажрибали бош муҳандиси Абдурашид Қаршибоев. – Мен илгари, айнан шу ерлардаги колхозда бригада бошлиғи, МТП раҳбари бўлиб ишлаганман, кейинчалик фермер ҳам бўлдим. Аввало кластернинг афзаллиги, менга қолса, меҳнаткашнинг моддий манфаатдорлигида экан, деб айтган бўлардим. Мана ўзимдан қиёс. Бригадир бўлдим, МТП раиси бўлдим мотоцикл у ёқда турсин, маошимга битта оддий велосипед ҳам ололмас эдим. Ҳозирча, тагимда тойчоқдек учқур “Матиз” гижинглаб юрибди. Бошқа томонларини айтмай ҳам қўяқолай.
– Кластер бўлгунга қадар мен айнан мана шу ҳозир оилавий пудратчилик қилаётган ерда фермер эдим, – дейди суҳбатга аралашиб Сарвар Ҳакимов. – Қанча тиришмай, қанча меҳнат қилмай ҳосилдорлик 16-18 центнердан ошмаган. Ер бонитети паст, шўрланиш даражаси ўта юқори эди. Ҳозир биринчи терим ярмига етди, ҳосилдорлик, ўртача 42 центнердан тўғри келмоқда. Биринчи теримдан чиққан ҳар бир ғўза ниҳолида яна 8-10 тадан бўлиқ кўсак бор. Ҳали иккинчи терим турибди. Худо хоҳласа, йиллик даромадимга “Нексия-3” автомобили олмоқчиман.
Дарвоқе, биздаги маълумотларга қараганда, “Bek Сluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонага қарашли майдонларнинг ер балл бонитети ўртача 45 баллни ташкил этган экан. Шундан келиб чиқиб, тупроқ таркибида гумусни кўпайтириш ҳисобига ер унумдорлигини ошириш мақсадида аввало Жанубий Кореядан олиб келинган махсус техникалар ёрдамида экин майдонларидаги барча ариқ ва зовурлар тўлалигича тозаланиб чиқилибди. Мелиорация ва ирригация тармоқлари тизими йўлга қўйилибди. Натижада ер ости сизот сувлари узоқлашиб, шўри ҳам оби-тобида ювилибди.
Пахтанинг ҳар гектарига 800 килограммдан минерал ўғит солиниб, 5 тоннадан шарбат усулида маҳаллий ўғит оқизилган. Ғўза баргидан суспенция билан озиқлантирилган. Бу агротехник тадбирларни барчасини тўла-тўкис амалга ошириш учун ҳатто ўртача фермернинг ҳам қудрати етмайди. Бу ҳам кластернинг афзалликларидан бири.
– Мустақилликкача Ўзбекистонда етиштирилган пахта толаси хорижга айтайлик, 1 сўмга сотилиб, ўшандан тайёрланган маҳсулотни ўзимизга олиб келиб 100 сўмдан пуллашган, – дейди “Bek Сluster” қошидаги “Mirzaobod Universal Tried Cluster” МЧЖ директори Ғанишер Нормуҳаммедов. – Бугун биргина пахта кластерида, шу корхона ишчилари, техникаси билан ер тайёрланиб, чигит экилади, ғўза парваришланиб, ҳосили териб олинади. Пахта қайта ишланиб, ундан газлама тўқийди, бўяйди, хуллас, то энг сўнгги, айтайлик, 100 фоиз пахтадан тайёрланган энг сўнги русумдаги, энг муҳими, инсон танаси соғлом бўлиши учун мутлақо зарарсиз бўлган кўйлаккача тикилиб, экспортбоп тайёр маҳсулот сотувга чиқарилади. Хўш, қайси колхоз ёки совхозда, борингки бугунги фермерда, у ҳатто кўп тармоқли бўлса ҳам, мана шундай жараён тўлиқ амалга оширилади? Мени билишимча, ҳали кластердан бошқа бунақа кенг имкониятли корхона бўлмаса керак.
Кластернинг афзаллик томонларини янада кенгроқ таҳлил қиладиган бўлсак, шу жараёнлардаги барча бажарилиши лозим бўлган ишлар, шу ернинг ўзида, мана шу меҳнаткаш халқ билан амалга оширилади. Бу жараён учун сарф харажатлар кескин пасайишини, келадиган даромад эса шу кластерда ишлаётганларнинг оиласига, кластер фондига ва қолаверса Ватанимиз иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилади.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларнинг амалдаги ифодасидир.