Китобхонлик ҳафталиги доирасида китоблар тақдимоти ташкил этилди
Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказида “Китобсевар миллат – маърифатли жамият пойдевори” шиори остида ўтказилаётган VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида китоб тақдимотлари, танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, бугун “Зарафшон” газетаси кутубхонаси” туркумида чоп этилган “Муҳокамадаги мавзулар”, Тўлқин Сиддиқовнинг “Бефарқликдан бедорликка” ҳамда Турғунбой Ҳасановнинг “Тулкининг туши” китоблари тақдимоти ўтказилди.

Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетаси ходимларининг ушбу китобларида жамият ҳаётидаги янгиланиш ва ўзгаришлар, бу жараёнда ҳаётимизда учраётган айрим камчиликлар, ёшлар таълим-тарбияси ва бунда эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритилган. “Тулкининг туши” китоби эса болаларга мўлжалланган шеърлардан иборат.

– Бугун халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни китобхонликка жалб қилишда кишиларни мулоҳазага чорловчи китобларнинг нашр этилиши жуда муҳим, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Мамаюнус Пардаев. – “Зарафшон” газетасида “Мулоҳаза учун мавзу” рукнида чоп этилган бу мақолалар даврнинг долзарб масалаларига бағишланган ва улар қайта-қайта ўқишга арзийди. Эътиборлиси, тўпламдаги мақолаларнинг ҳаммаси ҳам журналистлар қаламига мансуб эмас, улар орасида олимлар, ўқитувчи ва талабалар, турли соҳалар вакиллари ёзган мулоҳазали мақолалар бор.

Ҳафталик доирасида Самарқанд вилоят суди раҳбарияти, судьялар ҳамда суд ходимлари ҳам марказда бўлиб, кутубхонанинг бой китоб фонди билан яқиндан танишди. Улар кутубхонага доимий аъзоликка қабул қилиниб, ID карталар топширилди. Шунингдек, судьялар марказга турли хил китобларни туҳфа қилди.




– Куни кеча марказимизга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WОSCU) томонидан нашр этилган “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги китоб-альбомлар тўплами совға қилингани ҳафталикнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди – дейди Пушкин номидаги Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Наргиза Саидмуродова. – Мазкур тўплам китобхонлар, тадқиқотчилар ва маданий меросга қизиқувчи барча учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ушбу бебаҳо совға учун жамиятга миннатдорчилик билдирамиз. Умуман, бу йилги ҳафталик китоб тақдимотлари, кўрик-танловлар, очиқ эшиклар куни тадбирлари билан давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари