Китоб — тузалиш мезони
Ҳар қандай адолатли жамиятнинг қудрати фақат қонун устуворлиги билан эмас, балки адашган инсонга иккинчи имконият бера олиши билан ҳам ўлчанади. Янги Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан инсон қадри, маърифат ва адолат уйғунлигига таянмоқда. Шу маънода маҳкумларни китобхонлик орқали маънавий камолотга йўналтиришга қаратилган янги ҳуқуқий механизм инсонни жазолашдан кўра уни тузатиш устувор аҳамият касб этаётганининг ёрқин ифодасидир.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон қадри ва унинг тақдири турибди. Бу тамойил фақат эркин фуқаролар ҳаётидагина эмас, балки ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан юритилаётган давлат сиёсатида ҳам изчил намоён бўлмоқда. Зеро, замонавий демократик давлатнинг вазифаси инсонни фақат жазолаш эмас, балки уни тузатиш, маънавий жиҳатдан юксалтириш ва жамиятга муносиб фуқаро сифатида қайтаришдан иборат.
Ана шу эзгу мақсад йўлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12-июндаги 307-сон қарори билан тасдиқланган “Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Низом муҳим ҳуқуқий аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжат жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, маҳкумларнинг маънавий камолотига кўмаклашиш ва уларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашнинг янги ҳуқуқий механизмини белгилаб берди.

Мазкур Низомнинг туб моҳияти бир қарашда ҳуқуқий тартиб-таомил сифатида намоён бўлса-да, унинг замирида жуда чуқур ижтимоий-фалсафий ғоя мужассам. Яъни инсоннинг ички дунёсига йўл топмасдан туриб, унинг хулқ-атвори ва ҳаётга муносабатини ўзгартириш мушкул. Бунинг энг таъсирчан воситаларидан бири эса китобдир.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мутолаа инсон тафаккурини бойитади, маънавий дунёқарашини кенгайтиради, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги чегарани теран англашга ёрдам беради. Китоб инсонни мулоҳаза қилиш, ўз қилмишларини таҳлил этиш ва ҳаёт ҳақида қайта ўйлашга ундайди. Шу боис маҳкумларни китоб мутолаасига жалб этиш жазо муддатини қисқартиришнинг формал шарти эмас, балки уларни маънавий жиҳатдан қайта тарбиялашга хизмат қиладиган таъсирчан воситадир.
Низомнинг асосий мақсади маҳкумларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини шакллантиришга хизмат қилувчи адабиётларни ҳақиқатан мутолаа қилганлигини аниқлаш ва тасдиқлаш тартибини белгилашдан иборат. Бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида китобхонлик муҳити қарор топади, маҳкумларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий савияси юксалади, жиноятчиликка олиб келувчи салбий қарашларни бартараф этишга кўмаклашилади ҳамда уларнинг жамиятга қайтиш жараёни учун мустаҳкам маънавий пойдевор яратилади.
Низомга мувофиқ, ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларнинг адабиётларни ўқиганлигини баҳолаш ва тасдиқлаш бўйича комиссия ташкил этилади. Унинг таркибига муассаса ходимлари билан бир қаторда ҳудудий фаол жамоатчилик вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажриба ва юксак обрў-эътиборга эга вакиллари киритилиши мумкин. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнининг холислиги, очиқлиги ва жамоатчилик назорати асосида ташкил этилишини таъминлайди.
Комиссия маҳкум билан ўқилган адабиёт юзасидан суҳбат ўтказади, унинг асар мазмунини қай даражада англаганини, мустақил фикрлаш ва ҳаётий хулоса чиқариш қобилиятини баҳолайди ҳамда адабиёт ҳақиқатан мутолаа қилингани ёки қилинмагани бўйича қарор қабул қилади.
Низомга кўра, комиссия йиғилишлари ҳар йили февраль ва август ойларида ўтказилади. Китобни мутолаа қилиб бўлган маҳкум комиссияга мурожаат этади. Суҳбат ва тест жараёнида асарнинг асосий ғояси, қаҳрамонлар образи, китобдан чиқарган хулосалари ҳамда унинг маънавий-тарбиявий аҳамияти бўйича саволларга жавоб беради. Агар маҳкум китоб мазмунини етарли даражада ўзлаштиргани аниқланса, комиссия бу фактни тасдиқлайди ва тегишли ҳужжат расмийлаштирилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тартиб китобни шунчаки ўқиб чиққанликни эмас, балки унинг мазмунини англаш, шахсий ҳаётга татбиқ этиш ва ундан тўғри хулоса чиқаришни талаб қилади. Бу эса маҳкумларда қонунга ҳурмат, Ватанга садоқат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, масъулият ва фуқаролик бурчи каби юксак инсоний фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Китоб мутолааси инсоннинг нутқ маданиятини юксалтиради, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, руҳий барқарорлигини мустаҳкамлайди, ижтимоий муносабатларга мослашувини енгиллаштиради. Энг муҳими, у инсонга ҳаётни янгидан бошлаш, хатоларидан тўғри хулоса чиқариш ва келажакка ишонч билан қараш имконини беради.
Бугунги кунда дунёда жазони ижро этиш тизимининг самарадорлиги қамоқхоналар сони ёки қаттиққўл жазо чоралари билан эмас, балки у ердан жамиятга қандай инсон қайтаётгани билан баҳоланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур қарор жазонинг тарбиявий аҳамиятини кучайтириш, маҳкумларни ижтимоийлаштириш ва такрорий жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган замонавий ёндашувнинг муҳим ҳуқуқий ифодаси ҳисобланади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳам инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини ҳимоя қилиш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида инсонпарварлик тамойилларининг амалда таъминланишига кўмаклашишдан иборат. Шу маънода мазкур Низом инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг маънавий-маърифий жиҳатларини янада бойитадиган муҳим ҳуқуқий асос сифатида аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, китоб инсон қалбига олиб борадиган энг қисқа йўлдир. Қонун инсоннинг хатти-ҳаракатини тартибга солса, китоб унинг қалби ва онгини тарбиялайди. Шунинг учун ҳам мазкур ҳуқуқий механизм фақат китобхонликни рағбатлантириш чораси эмас, балки Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, жазони инсонпарварлик руҳи билан бойитиш ва адашган инсонга янги ҳаёт сари ишончли йўл очишга қаратилган эзгу давлат сиёсатининг амалий ифодасидир. Бу эса мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган улуғ ғоянинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўткир Жўраев,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари
бўйича вакилининг (омбудсманнинг)
Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили
ЎзА