Кичик томорқадан катта даромад (+видео)
Хоразм вилояти аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан бири бўлиб, қишлоқ жойларда деярли ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси бор.
Томорқачилар вилоятда етиштириладиган гўшт, сут, мева, сабзавот ва полиз экинлари каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярли 60-70 фоизини таъминлайди. Бу ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жуда муҳим.
Бугунги кунда хоразмлик “томорқачилар армияси”нинг сони қарийб беш юз мингга яқин.

Вилоятнинг Шовот туманида ҳам 45 мингдан ортиқ хонадон эгалари мавжуд томорқа ерларидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Жумладан, “Арбоб” маҳалласидаги хонадонларда томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича ишлар намунали йўлга қўйилган.

– Маҳалламизда 42 минг 977 нафар аҳоли яшайди, жами 983 та хонадон мавжуд, – дейди маҳалла ҳокимининг ёрдамчиси Соҳиба Бойжонова. – Хонадон эгаларига тегишли ер майдонлари 61 гектарни, дала томорқалари эса 57 гектарни ташкил этади. Ҳар бир хонадон эгалари билан шахсий томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда улар баҳорни кутмасданоқ ўз ерларида картошка, пиёз, турли хил кўкатлар, помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни бошлаб юборган.

Маҳалланинг “Арбоблар” кўчасида яшовчи Шакаржон Искандарова 87 ёшда. У шу ёшида ҳам томорқасида ишлаётганини кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин.
Момо невараларни ёнига олиб, кун бўйи томорқада. Унинг мўъжазгина томорқа ерига қулупнайдан тортиб барча эртапишар сабзавот ва полиз экинлари экилган.
– Ер билан тиллашган оч қолмайди ва қаримайди, – дейди Шакаржон момо Искандарова. – Ер бу хазина. Агар унга меҳр берсанг, у сени ҳеч қачон “қуруқ” қўймайди. Мен учун томорқа нафақат ризқ-рўз, балки саломатлик маскани. Эрталаб саҳар туриб, тупроқнинг ҳидидан тўйиб нафас оламан. Кўчатларнинг ривожини кўрсам, танамда куч пайдо бўлади. “Қариликнинг гаштини суриб, уйда ўтиринг”, дейишади. Аммо, менинг “гашт”им мана шу яшиллик ичида. Ҳаракат қилган одамнинг танасида дард кам бўлади.
Дарҳақиқат, момонинг гапларида “жон” бор. Боғотлик томорқа ер эгалари ҳам ўзларининг турмуш тарзини томорқасидаги меҳнат билан боғлаган. Улар сабзавот ва кўчатлар етиштириш учун иссиқхонадан фойдаланиб, даромадли ишларни амалга оширмоқда.

Тумандаги Нурафшон маҳалласидагилар бир неча йиллардан буён кичик иссиқхоналарни барқарор даромад манбаига айлантиришган.
Мисол учун томорқачи Замира Шарипова давлат томонидан ажратилган 37 миллион 500 минг субсидия асосида ҳовлисидаги 11 сотихлик иссиқхонада бодринг ва помидор етиштириб, эл дастурхонига янги экологик тоза маҳсулотларини тортиқ қилиб келмоқда. Унинг томорқасида ҳозир ҳам бодринг ҳосили мўл. Маҳсулотлар маҳаллий бозорларга сотиляпти.
– Мен шу иссиқхонадан бир йилда 180 миллион сўм даромад қиляпман, – дейди Замира Шарипова. – Қишки ҳосил 8 тонна, баҳоргиси эса 25 тонна бўлди. Ҳозирги бодринг уруғини 10 январь куни экканман. 50-60 кунда ҳосилга киришни бошлади. Бундан ташқари, 40-50 минг дона кўчат ҳам етиштириб сотаман. Ҳозир ҳам 20 минг туп кўчат сотувга шай турибди. Ўз томорқасида иссиқхона ташкил қилмоқчи бўлганларга ҳеч бўлмаганда бир ёки бир ярим сотих ердан бошлашни тавсия қиламан. Бир шуғулланиб кўришса, кейинги йил шунинг даромадидан яна кенгайтиришни бошлашади.

Айни дамда Замира Шарипова катта тадбиркорга айланмоқда. Чунки, маҳаллада ҳоким ёрдамчиси томонидан ажратилган 82 миллион сўмлик субсидия асосида 50 сотих иссиқхонани қуриб битказди. Иссиқхонага бодринг кўчатлари ўтказилди. Эндиликда у бу ердан 1 миллиардгача даромад олишни кўзламоқда.
Янгибозорлик томорқачи Алишер Матчонов 250 квадрат метр майдондаги томорқасида қулупнай етиштириш билан шуғулланмоқда. У ҳафтасига икки марта ҳосилни йиғиб олиб, маҳсулотни тумандаги дўконларга етказиб беради.
Алишер Матчоновнинг таъкидлашича, қулупнай етиштириш сердаромад бўлиши билан бирга, ўзига хос меҳнат ва эътибор талаб этадиган соҳа ҳисобланади. Ушбу резаворни танлашда бозордаги юқори талаб ва кичик майдонда ҳам мўл ҳосил олиш имконияти асосий омил бўлган. Даромади миқдорини ошкор этмаса-да, бу фаолият орқали салмоқли фойда кўраётганини қайд этади.
– Бугунги кунда “Ҳар бир оила – тадбиркор” тамойили асосида ўз томорқасидан самарали фойдаланаётган юртдошларимиз сони ортиб бормоқда, – дейди Алишер Матчонов. – Кўпчилик учун 250 квадрат метр ер кичик кўриниши мумкин. Бироқ тўғри агротехник тадбирлар орқали бу майдондан мавсум давомида бир неча маротаба ҳосил олиш мумкин. Сифатли кўчат танлаш, ўз вақтида суғориш ва маҳаллий ўғитлардан оқилона фойдаланиш муваффақият гаровидир. Бу жараёнда оила аъзоларининг кўмаги меҳнат унумдорлигини янада оширади.
Қисқаси, Шакаржон момо, Замира Шарипова ҳамда Алишер Матчонов каби ташаббускор томорқачиларнинг саъй-ҳаракатлари маҳаллий бозорларни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aUpdclVcgHE" title="Kichik tomorqadan katta daromad" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, ЎзА