Киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш – давр талаби
Шарқий ҳарбий округнинг Андижон гарнизонидаги ҳарбий қисмда Қуролли Кучлар тизимида киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий рақамли таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини оширишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Шарқий ҳарбий округнинг киберхавфсизлик йўналишига масъул офицерлари, ҳарбий хизматчилар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
«Қуролли Кучлар таркибида киберхавфсизликнинг ўрни, роли ва вазифалари ҳамда замонавий қуролли тўқнашувларда киберхавфсизлик маконини шакллантириш» мавзусидаги учрашувга Ички ишлар вазирлигининг малакали мутахассислари таклиф этилди.
Тадбирда глобаллашув ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги шароитда киберхавфсизликни таъминлаш давлат ва жамият хавфсизлигининг муҳим таркибий қисми экани таъкидланди. Мутахассислар ахборот тизимларига таҳдид солувчи омиллар, киберҳужумларнинг турлари ва келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали ҳимоя чораларини ташкил этиш юзасидан атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, ахборот маконини ишончли ҳимоя қилиш, хизмат фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан хавфсиз ва самарали фойдаланиш, махфий хизмат маълумотларини муҳофаза қилиш ҳамда Қуролли Кучларда киберхавфсизликни таъминлашнинг устувор вазифалари хусусида фикр алмашилди.
[gallery-30424]
Ҳарбий хизматчиларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, зарарли дастурлар ҳамда интернет фирибгарлигига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди. Амалий мисоллар асосида киберхавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, соҳани янада такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Таъкидланганидек, бундай тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларда киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш ҳамда рақамли таҳдидларга қарши самарали курашиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА