Киберфирибгарликка қарши кураш – рақамли ислоҳотларнинг муҳим талаби
Бугун мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ва онлайн тўловлар тизимини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу аҳоли ва тадбиркорлар учун катта қулайликлар яратаётган бўлса-да, кибержиноятчиликка қарши курашни янада кучайтиришни ҳам тақозо этмоқда.
Айниқса, банк карталари, мобил иловалар ва электрон платформалар орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳолатлари фуқароларнинг молиявий хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу турдаги жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Кармана туманида қайд этилган ҳолат бунинг яққол мисолидир. Тергов маълумотларига кўра, номаълум шахслар фуқарога зарарланган APK иловасини юбориб, унинг шахсий маълумотларини қўлга киритган. Кейин эса жабрланувчининг “E-auksion” платформасида рўйхатдан ўтганидан фойдаланиб, банк картасидаги 230 миллион сўм маблағни ноқонуний ўзлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан тезкор тадбирлар ўтказилди. “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик ойлиги доирасида ташкил этилган амалий чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилинган 3 нафар шахс ушланди.
Тергов давомида уларнинг фаолияти янада кенг кўламли экани маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур шахслар Республика бўйлаб 21 нафар фуқарони киберфирибгарлик қурбонига айлантириб, жами 336 миллион сўм маблағни ноқонуний қўлга киритган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, Навоий вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши кураш бошқармаси тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА