Холмирза бобо хотиралари
Умр оқар дарё деб бежизга айтишмас экан.
Умр оқар дарё деб бежизга айтишмас экан. Қаранг, қанча йиллар ўтиб кетибди. Лекин назаримда фашистлар устидан қозонилган ғалабага 75 йил эмас, гўё 75 кун бўлгандек...
Кечагидек ёдимда, 1942 йил 13 октябрь куни туманимиздан 6 йигит билан биргаликда кўнгилли бўлиб фронтга жўнатишларини сўраб, ҳарбий комиссариатга бордик.
Туркманистонда 3 ой тайёргарлик машқларини ўтадик. Машғулотлар тугагач, мендан бошқа ҳаммага военбилет берилиб фронтга жўнатди. 18 ёшга тўлишимга 6 ой бўлгани сабаб, мени фронтга жўнатишмади. Лекин уйимга ҳам қайтаришмади. 6 ой ўқув марказида командирлар топшириғини бажариб юрдим.
Сўнгра Ленинград яқинига жўнатишди. У ерда 1-2 кун тўлиқ қуролланиб, бир неча самолётга ўтирғизиб, тонгга яқин порашютда Ленинград шаҳрини қамал қилинган немис фашист босқинчиларининг “тил”ига, яъни орқа томонга ташлашди. Яна бир нечта самолётда қўшимча кучлар ва ўқ-дори билан бир нечта батальонни қамал ичкарисига, Ленинградга олиб кетди. Тонг отмай, соат 4:00 да шаҳар ичидаги ва қўшимча ташланган кучлар билан бир вақтда ҳужумга ёпирилдик.

Эришилмаган ғалабаларини нишонлаб, “шнапс” ичавериб, чўчқадек маст бўлиб ётган фашистлар кутилмаган ҳужумдан саросимага тушиб, биздан икки баробар кўпроқ , тўрт баробар яхшироқ қуролланган душман ноилож таслим бўлди.
Ленинград жангидан сўнг Болтиқ бўйи давлатларига Латвия, Литвая, Эстония ва ўшанда Шарқий Прусия маркази ҳисобланган Кёнгсберг, ҳозирги Калининград учун бўлган жангларда иштирок этдим.
Фашистлар Белорусни босиб олгач 16-18 ёшли қиз-жувонларни ҳаммасини ишлаш учун Германияга қул қилиб, ёки ўзлари босиб олган ҳудудларда очилган конслагерларга аср қилиб олиб кетган экан.
Фашистларга қаршилик кўрсатиб, партизанларни яширгани учун бутун бир қишлоқ аҳлини йўргакдаги чақалоқдан кекса нуронийларгача, колхознинг клубига қамаб, тириклайин ёқиб юборганини ўз кўларим билан бинокол орқали кўрганман. Шу жараённи кузатиб, ўшанда разведкада бўлганимиз учун ҳеч нарса қила олмаганимиз, қилишга ҳаққимиз йўқлиги, чунки фашист қўшинлари орасидан ҳеч кимга сездирмай, ҳеч бўлмаганда унтер офицерни “тил” сифатида аср олиб келишимиз керак эди. Инсонларни тириклай ёнгани, ўша мудҳиш фожиа, ҳали ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди...
Жуков ҳамда Ракасовский қўмондонлигидаги армиялар бирлашиб, Белорус ҳудудида немис фашистларининг Паулос деган генерали қўмондолик қилаётган жуда катта армиясини қамал қилдик. Белорусни озод қилиш учун жуда қақшатғич жанглар бўлди.
Орёл ва Брест шаҳарларини 1 кунда 2 марта олиб, 2 марта топширган вақтимиз ҳам бўлди. Қуршовда қолган фашистлар ўқ-дориси тугагунча бизга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатди. “Паулос таслим бўлди” дея хабар тарқатилган бўлсада, фашистлар қаршиликни, жангни тўхтатмаган. Ҳатто, Гродно орқали қизил армия ҳалқасини ёриб ўтишга қаттиқ уруниш ҳам бўлди. Лекин биз ғарбда қолган немис фашист қўшинларини бир қадам ҳам олдинга силжишига имкон бермадик.
Белорусни озод қилганимиздан кейин, 1944 йилда Кишинёв, Львов, Магилий, Вумин, Житомер ва Бароносвий қалъаларига юриш қилиб, Польшани фашистлардан озод қилишда қатнашдим. Бир неча бор яраландим, лекин Кобриль шаҳрида пистирмага дуч келиб, оғир ярадор бўлдим. Озод қилинган Белорусда госпиталда даволаниб чиққанимдан кейин яна фронтга жўнатишди. Тузалиб чиққандан кейин фашистларни уяси яъни Германиягача қувиб борганларданман. Лекин Берлинда жуда қақшатқич жанглар бўлди. Шу жангларни бирида Галле шаҳрида яна яраландим. Фашизм устидан қозонилган ғалаба куни мен ҳарбий госпиталда эдим.

Ғалаба! Ғалаба! дея кимлардир йиғларди, кимлардир гармоннинг мусиқасига ҳасса таёқда бўлсада рақс тушарди.
Урушда Белорусни озод қилишдан бошлаб охиригача қўшни қишлоқлик Солижон Каримов билан бирга жанг қилганман. У урушдаги энг яқин фронтдош дўстим бўлган. Биз кейинчалик ҳам у билан қадрдон дўст бўлиб, борди-келди қилиб турардик. Афсуски Солижон ўтган 2019 йил вафот этди, охирати обод бўлсин.
Мамлакатимизда карантин эълон қилингунга қадар ўрта мактаб, касб-ҳунар коллежларига таклиф қилишиб, ёшларга хотираларимни гапириб беришимни сўрашарди. Мен уларга уруш йилларидаги қонли жанглар, урушнинг нохуш оқибатлари, тинчликни қадрига етиш, Ватанни севиш, кўпроқ ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш хусусида баҳоли қудрат гапириб бераман. Улар ҳам жон қулоғлари билан тинлашади.
...Мана бугун ўша фашистлар устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлибди. Вақтнинг нақадар тез ўтишини қаранг. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг пул мукофоти, бир қанча қимматбаҳо совға-саломларини, дил изҳорлари битилган табрикномаси ва Белорусь президенти Александр Лукашенкодан табрикнома ҳамда “Белорусни немис фашист босқинчиларидан озод қилишда иштирок этгани учун ғалабанинг 75 йиллик” медалини олдим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан биз фахрийларга берилган эътибор ва ғамхўрлик таҳсинга лойиқ. Мамлакатимиз карантин туфайли, вилоятмиз эса ҳам каратнтин, ҳам сув тошқини сабаб қийин бир шароитда бўлишига қарамай, Давлатмиз раҳбари ҳам, вилоят, туман ҳокимлари, “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам биз фахрийларни қутлашга вақт топганларининг ўзи, бугунги таҳликали, халқимиз учун синовли кунларда жуда катта эътибор ва ғамхўрликдан далолатдир. Эътибор учун барча-барчаларига мингдан-минг раҳмат.
Мана бугунги кунда юртимизда коронавирус деган бало туфайли карантин жорий қилинган. Ҳеч биримизни, айниқса биз кекса авлодни уйдан чиқмаслигимиз сўралаяпти. Нима зарур бўлса ўзлари уйимизгача олиб келиб беришади. Давлатимизнинг ғамхўрлигини қаранг, ҳар бир уруш қатнашчисига биттадан “персонал ҳамшира” бириктириб, менга ўхшаганларга қарагани учун унга ойлик маош тўлаяпти.
Айни чоғда вилоятимизнинг бир қатор туманлари сув тошқинидан азият чекиб, иқтисодимиз қийналиб қолганига қарамай, уруш ҳамда фронт орти меҳнат фахрийларига ва умуман кекса, нуронийларга Президентимиз ҳам, вилоятимиз, туманимиз раҳбарлари, партиялар ҳам биз ҳақимизда қайғуришга вақт ҳам, имконият ҳам топишаётганларига минг раҳмат.
Яратган Эгамдан мамлакатимизга тинчлик, осмонимизга мусаффолик, халқимизга бирдамлик, фаравонлик, Президентимизга, вилоят, туман ҳокимларимизга, партияларимиз вакилларига тани-сиҳатлик сўраб ҳамиша дуодамиз. Илоҳо ҳар қандай бало-қазолардан халқимизни Аллоҳнинг ўзи асрасин.
ЎзА мухбири А.ҚАЮМОВ Гулистон тумани Ўювли қишлоғида истиқомат қилувчи уруш фахрийси, 96 ёшли Холмирза бобо Раимбердиевнинг дил сўзларини оққа кўчирди.
Суратлар муаллифи Д.КАТТАБЕКОВА.