“Келажакка бугундан қадам”: ургутлик ўқувчилар НМЗда
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва Ургут туманидаги Абдусаид Кўчимов кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Келажакка бугундан қадам” лойиҳаси доирасида Навоийга ташриф буюрган ургутлик ўқувчилар Навоий машинасозлик заводида бўлишди.
Иштирокчилар заводнинг йирик цехларида бўлиб, корхонада иш жараёнлари ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Бугунги кунда корхонада 3,5 минг нафардан ортиқ муҳандис-технологлар, металлурглар, механиклар, конструкторлар ва бошқа касб эгалари фидокорона меҳнат қилишмоқда.
Заводда тайёрланаётган ўта юқори оғирликдаги, юксак сифатли металл конструкциялар, ускуна ва жиҳозлар ҳамда турли ўлчамдаги эҳтиёт қисмларига талаб тобора ошиб бормоқда.
Навоий машинасозлик заводи маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича республикада етакчи корхона ҳисобланади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилда 103 та лойиҳа бўйича 1,1 триллион сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2026 йилда эса 123 та лойиҳа бўйича 1,8 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Заводда комбинат гидрометаллургия заводлари учун замонавий шарли тегирмонлар, гидроциклон ва конвеер қурилмалари, насослар, қуйилтиргичлар, ностандарт ускуналар, металлконструкциялар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилда 103 та лойиҳа бўйича 1,1 триллион сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2026 йилда эса 123 та лойиҳа бўйича 1,8 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Заводнинг қуймачилик цехи корхонанинг асосий, таянч ишлаб чиқариш бўлинмаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 662 нафар муҳандис-техник ва ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Малакали мутахассислар меҳнати, замонавий технологиялар ва маҳаллийлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш эса заводнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада юксалтиришга замин яратмоқда. Бу ерда асосан қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Қуймачилик цехида ўрнатилган 25 тонналик замонавий печь эса металл эритиш қувватини 30 минг тоннадан 35 минг тоннагача оширди.
Ўқувчилар заводнинг Механика-йиғув цехида ҳам бўлишди.
– Ўқувчиларимиз билан заводнинг бир нечта цехларида бўлдик, – дейди Ургут туманидаги 65-мактаб ўқитувчиси Ислом Муродов. – Маълум қилишларича, цехни техник ва технологик қайта жиҳозлаш натижасида оғирлиги 980 тоннагача бўлган тегирмонлар, янчиш ускуналари, насослар, қуюлтиргичлар ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлаш, оғирлиги 400 тоннагача бўлган йирик ўлчамдаги жиҳозларга ишлов бериш имкони яратилибди. Гидравлика ускуналари ишлаб чиқариш участкасида полиуретан маҳсулотларини қуйиш учун янги қурилма ўрнатилибди. Янги ишлаб чиқариш объектларининг фойдаланишга топширилаётганлиги сабабли комбинат бўлинмаларининг металл конструкциялар, жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжлари кундан-кунга ортиб боряпти. Натижада Механика-йиғув цехининг йирик ҳажмли дастгоҳларга ишлов бериш участкаси кенгайтирилмоқда. Замонавий дастгоҳлар ўрнатиладиган участкани жорий йил якунига қадар ишга тушириш мўлжалланган. Бу маълумотлар барча ўқувчиларимиз учун фойдали бўлди.
Заводдаги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва инновацион ривожлантириш маркази ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Бу ерда 2024 йилда университет кафедраси ташкил этилган бўлиб, талабалар назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боришади.
– Куни кеча Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетидаги таълим жараёнлари, у ерда олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари, талабаларнинг яшаш шароитлари билан танишдик, – дейди 37-мактаб ўқувчиси Тоҳиржон Носиров. – Бугун эса йирик саноат корхоналаридан бири бўлган Навоий машинасозлик заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатдик. Ишчилар билан суҳбатда бўлдик. Ушбу марказда талабаларнинг олий таълим муассасасида олган назарий билимларини бугун қандай қилиб амалиётда жорий этаётганликларини, уни мустаҳкамлаётганликларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Айрим тенгдошларим жараёнларни кўриб, келгусида комбинат бўлинмаларида ишлашни режалаштирганликларини айтишмоқда. Мен ҳам келгусида Навоийда таҳсил олиб, ушбу корхонада ишламоқчиман.
Лойиҳа доирасида заводнинг маданият ва спорт мажмуасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда завод фаолиятига оид видеоролик намойиш қилиниб, корхона ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
[gallery-32345]
Албатта, Навоий машинасозлик заводида амалга оширилаётган ишлар корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш билан бирга, Навоий вилояти ва мамлакат саноати учун зарур бўлган машинасозлик маҳсулотларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари