“Келажак соати” - бу оддий дарс эмас
Бугун мактаб ўқувчисидан фақат яхши баҳо олиш ёки фанларни ўзлаштиришнинг ўзи талаб этилмайди. У ўз фикрига эга бўлиши, атрофидаги воқеа-ҳодисаларга муносабат билдира олиши, технологиялардан тўғри фойдаланиши, жамиятда ўз ўрнини топиши ва энг муҳими, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаши керак.
Шу маънода 2026–2027 ўқув йилидан “Келажак соати” машғулотлари янги мазмун ва ёндашувлар асосида ташкил этилади. Унинг вазифаси ҳам оддий — ўқувчига яна бир мавзуни тушунтириш эмас, балки уни ҳаётга тайёрлаш.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги дастурлар миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, ҳуқуқий билим, ижтимоий-эмоционал кўникмалар ва ижобий хулқ-атворни шакллантириш билан бир қаторда, замонавий дунёда зарур бўладиган амалий компетенцияларни ҳам қамраб олган.
Дастур ўқувчидан бошланади
Янги “Келажак соати” дастурларини ишлаб чиқишда “ўқувчига нима қизиқ ва нима керак?” деган савол асос қилиб олинди. Бунинг учун кенг қамровли тадқиқот ўтказилди. Сўровда 5–11-синфларда таҳсил олаётган 159 минг 697 нафар ўқувчи иштирок этди.
Натижалар қизиқарли манзарани кўрсатди. Ўқувчиларнинг 83,2 фоизи миллий маданиятга, 82,7 фоизи оилавий қадриятларга, 81,2 фоизи эса ҳуқуқий билимларга қизиқиш билдирган. Демак, ёшлар ўзлигини, оиласини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашга қизиқмоқда. Бироқ, бошқа кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик. Волонтёрликка қизиқиш 56,9 фоиз, экологик масъулият 59,6 фоиз, танқидий фикрлашга қизиқиш эса 60 фоизни ташкил этган.
Бу рақамлар “Келажак соати”да нималарни кучайтириш кераклигини кўрсатди. Энди ўқувчига тайёр хулосани айтишдан кўра, уни ўйлаш, савол бериш, муҳокама қилиш ва ўз позициясини билдиришга ундаш муҳим.
“Дарс” эмас, мулоқот
Янги дастурнинг асосий фарқи шундаки, “Келажак соати” анъанавий дарс қолипида ташкил этилмайди. Унинг мантиғи оддий: аввал ўқувчининг эҳтиёжи аниқланади, кейин ёшига мос мавзу танланади. Мавзу ҳаётий мисол ёки кейс орқали муҳокама қилинади. Шундан сўнг интерактив фаолият, амалий топшириқ ёки лойиҳага ўтилади. Энг муҳим босқич эса — бу машғулот ўқувчининг хулқ-атворида қандай ўзгариш пайдо қилди, деган саволга жавоб топиш. Шунинг учун “Келажак соати”ни фақат тарбиявий соат сифатида эмас, ўқувчи билан очиқ мулоқот қилиш, унинг фикрини эшитиш ва ҳаётий кўникмаларини ривожлантириш майдони сифатида кўриш мумкин.
Бир мавзу — турли ёш, турли ёндашув
Албатта, 7 ёшли бола билан 17 ёшли ўсмирга бир хил усулда мурожаат қилиб бўлмайди. Шу сабабли дастурлар 3–7 ёшли мактабгача таълим тарбияланувчилари, 1–4, 5–8 ва 9–11-синф ўқувчилари учун алоҳида ишлаб чиқилди. Кичик ёшдаги болалар учун мавзулар содда, кўргазмали ва қизиқарли фаолиятлар орқали тушунтирилса, юқори синфларда ҳаётий вазиятлар, мунозаралар, мустақил фикрлаш ва амалий лойиҳаларга кўпроқ ўрин берилади.
Дарс ишланмаларида савол-жавоблар, муаммоли вазиятлар, ижодий топшириқлар, видеороликлар, визуал материаллар ва амалий машғулотлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Барча материаллар “milliytarbiya.uz” платформасига жойлаштирилди.
Ватанпарварлик — шиор эмас, ҳис
“Келажак соати”да ватанпарварлик мавзуси ҳам янги мазмун билан бойитилмоқда. Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда Болалар контентини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғоясини ўзида мужассам этган махсус контентлар тайёрланди.
Уларда миллий ғурур, халқ бирдамлиги, Ватанга дахлдорлик, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, мамлакат тараққиётига ишонч каби тушунчалар ёритилади. Аммо бу тушунчаларни фақат матн ёки маъруза орқали етказиш билан чекланиб қолинмайди. Масалан, замонавий қаҳрамонлар, жаҳон чемпионлари, давлат ва жамият арбоблари, сиёсатшунослар билан учрашувлар, “тенгдош — тенгдошга” тамойили, оилавий муҳокамалар ва мавзули видеороликлар орқали ўқувчининг шахсий тажрибасига яқинлаштирилади. Ҳар ҳафтанинг душанба куни машғулотларнинг Давлат байроғини кўтариш ва Давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланиши эса давлат рамзларига ҳурмат ва Ватанга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўқувчига бугуннинг эмас, эртанинг кўникмалари ҳам керак
Замонавий дунёда мактабни битиришнинг ўзи етарли эмас. Ёш авлод ахборотни саралай олиши, рақамли технологиялардан хавфсиз ва самарали фойдаланиши, сунъий интеллект имкониятларини тушуниши, ўзини тўғри тақдим эта олиши керак.
Шу мақсадда “Келажак соати” доирасида “Биз учун муҳим” рукни ташкил этилади. Ҳар ҳафталик машғулотнинг якуний 15 дақиқасида айнан ҳаётда керак бўладиган замонавий кўникмалар муҳокама қилинади. Ўқувчилар шахсий портфолио тайёрлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан мақсадли фойдаланиш, маълумотлар хавфсизлиги ва киберхавфсизлик асослари билан танишади.
Шунингдек, халқаро сертификатлар, уларга тайёргарлик кўриш, нуфузли олий таълим муассасалари ва қабул талаблари ҳақида йўналтирувчи маълумотлар берилади. Яъни “Келажак соати”да гап фақат бугунги ўқувчи ҳақида эмас. Унинг эртанги талаба, мутахассис ва фуқаро сифатидаги ҳаёти ҳақида ҳам боради.
Бунинг учун педагог ҳам ўзгариши керак
Янги мазмун, табиийки, педагогдан ҳам янги ёндашувни талаб қилади. Шу боис Касбий ривожланиш куни ва Касбий ривожланиш соатлари дастурларига “Келажак соати дарсларини ўтиш методикаси” номли 6 соатлик махсус модуль киритилди. Мақсад — педагогни тайёр матнни ўқиб беришдан кўра, ўқувчи билан мулоқот қилиш, унинг фикрини эшитиш, савол бериш, баҳс-мунозарага жалб этиш ва амалий фаолиятга йўналтиришга тайёрлаш.
Янги дастурларни самарали жорий этиш мақсадида пойтахтимизда Zoom платформаси орқали онлайн ўқув-семинари ҳам ўтказилиб, ушбу мавзу атрофлича таҳлил этилди. Унда вазирлик раҳбарияти, ҳудудий бошқармалар масъуллари, туман ва шаҳар бўлимларининг маънавият бўйича масъул ходимлари ҳамда 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари иштирок этди.
[gallery-31124]
Асосий натижа — ўқувчининг ўзгариши
“Келажак соати”нинг ҳақиқий самараси ўтилган мавзу ёки тайёрланган презентациялар сони билан эмас, ўқувчидаги ўзгариш билан баҳоланиши керак. У кечагидан кўра бугун Ватанини яхшироқ англаяптими? Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладими? Бошқаларнинг фикрини ҳурмат қиладими? Муаммога мустақил ечим излай оладими? Рақамли дунёда ўзини ҳимоя қила оладими? Жамият учун фойдали иш қилишга тайёрми?
“Келажак соати” айнан шу саволларга жавоб излайди. Зеро, таълимнинг энг катта натижаси — ўқувчининг қанча маълумот ёд олгани эмас, балки олган билими унинг фикри, муносабати ва хатти-ҳаракатини қандай ўзгартиргани. Шу маънода “Келажак соати” — жадвалдаги навбатдаги бир соат эмас. Бу бола ва ўсмирларнинг ўзлигини, Ватанни англаши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва келажакка тайёр бўлиши учун яратилган тарбиявий майдон. Унинг энг муҳим саволи ҳам битта: бугунги ўқувчини эртанги кунга қандай тайёрлаймиз?
Назокат Усмонова,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА