"Кексалар ҳафталиги" бошланди
Ушбу ижтимоий-маърифий лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда тегишли мажлис баёнига асосан “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга оид ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Кейинги йилларда нуронийларнинг нафақа ва пенсияларини ўз вақтида, улар истаган шаклда етказиб бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатлигига эътиборни кучайтириш борасидаги амалий ишлар мамлакатимиздаги барча ёши улуғ инсонлар оғирини енгил қилди, десак муболаға бўлмайди.
4-10 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ҳафталик доирасида нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни манавий ва жисмоний қўллаб-кувватлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва эъзозлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Ушбу ҳафталикни "маҳаллабай" ўтказишга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилишини таъминлашга эътибор қаратилади.
Ҳафталик доирасида ҳар бир маҳаллада нуронийлар, шу жумладан, якка-ёлғиз кексаларни жалб этган ҳолда маънавий-маърифий тадбирлар, шу жумладан, "Caxoват" ва "Мурувват" интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар учун маданий тадбирлар, танловлар, спорт мусобақалари ва хайрия тадбирлари ўтказилади.
Шунингдек, очиқ мулоқотлар, тарихий шаҳарларга, "Янги Ўзбекистон боғи"га, бир қатор табаррук масканларга саёҳатлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Шароити оғир кексаларнинг маиший-рўзғор юмушларига яқиндан кўмаклашилади. Ёлғиз, бемор қариялар ҳолидан хабар олинади.
Ҳафталик тадбирларини юксак савияда ўтказишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, Тиббий-ижтимоий хизматлари ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Нуронийлар жамоатчилик кенгаши каби тузилмалар масъул этиб белгиланган.
Бу каби ижтимоий-маърифий лойиҳалар ёши улуғ инсонлар мамлакатимизда доимо эътибор ва эъзозда эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Назокат Усмонова, ЎзА