Кайвонли айвоннинг моҳир устаси
Дарҳақиқат, Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактаби равнақида Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, моҳир ҳунарманд Муҳаммадали Юнусовнинг алоҳида ўрни бор.
Ўтган йили Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросими пайтида Муҳаммадали Юнусов қисқа вақт ичида саҳнага иккита миллий услубдаги айвон қуриб, барчани лол қолдирди.
–Дуёнинг манаман деган жойларидан келган устазода ҳунармандларга ўзбекнинг ўзига хос ёғоч ўймакорлигини намойиш қилиш катта шараф ва ғурур бағишлади, – дейди у. – 40 минутларда шогирдларим билан икки айвонни битирдик. Жуда кўп жойларда бу ишларни қилганмиз. Аммо ўша вақтда жуда катта ҳаяжон ҳам бор эди. Шукрки, юзимиз ёруғ бўлди, барча амалий санъатимизга юқори баҳо берди. Айнан ёғоч ўймакорлиги йўналиши учун Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилгани ҳам юксак эътироф бўлди.
Дарҳақиқат, Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактаби равнақида Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, моҳир ҳунарманд Муҳаммадали Юнусовнинг алоҳида ўрни бор. Таъкидлаш жоизки, миллий ҳунармандчилик соҳасида катта тажрибага эга уста Қўқон, Фарғона ва Марғилон шаҳри, водий вилоятлари, пойтахтимиз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари, қўйингки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилган тарихий қурилиш-бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. 2015 йилда Самарқанд шаҳридаги Дониёр пайғамбар мақбарасида 8 қирралик, 8 устунлик миллий аркли айвон, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди мажмуаси айвон устунлари, пойтахтимизнинг Юнусобод даҳасида Қатағон қилинганлар хотирасига қурилган музейнинг устунларини ҳам ўймакор нақшлар билан безатишган. Пойтахтимиздаги миллий боғда “Халқ амалий санъати” галереясининг айлана айвон қисми, Самарқанднинг Ҳазрати Имом Исмоил Ал-Бухорий мажмуаси айвонлари қурилиши, Жиззахда “Ипак йўли” чойхона-оромгоҳи ва юртимизнинг кўплаб туман-шаҳарларида чойхона-оромгоҳларнинг ёғоч ўймакорлиги ишлари айнан унга тегишли.
Муҳамадали ака ижодига мансуб айвонлар, нақшинкор эшик ва безакли устунлар бир қатор хорижий мамлакатлардаги маданият ҳамда санъат кошоналарини ҳам безаб турибди. Ўғли Козимжон Юнусов сулоланинг олтинчи авлоди бўлса, бобосининг ёнида юриб ҳунар ўрганаётган набиралари еттинчи авлод сифатида юксак маҳоратга эга бўлиб боришмоқда. Ҳунармандчилик соҳасидаги ярим асрлик фаолияти мобайнида уста икки минг нафарга яқин шогирд тайёрлашга муваффақ бўлди.

Айни пайтда Фурқат тумани марказида ташкил этилган “Усто Юсуфжон наққош” оилавий ҳунармандчилик корхонасининг “Устоз-шогирд” мактабида тажрибали уста ёшларга амалий тажриба ва билимини қунт билан ўргатмоқда. Фурқат туманининг Шотўра қишлоғида жойлашган устахонада эса юздан зиёд шогирди ҳаётий сабоқларни олмоқда. Пандемия шароитида ҳам бу ерда иш қизғин. Усталарнинг қўли қўлига тегмайди. Шунингдек, айни кунларда Қўқонбой қишлоғида ёшлар устахонаси қурилиши бошланди.
–Ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос сир-синоати бор, – дейди М. Юнусов. – Бугунги кунда унутилаётган айвонсозликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ўзбекнинг хонадонини айвонсиз тасаввур этиш қийин. Хусусан, асл ва қадимий нусхадаги айвонлари кайвонли бўлган. Кайвон биз усталар лаҳжасида улуғланган, шарафланган маъноларини ҳам беради. Ёзда салқин, қишда илиқ, офтоб қиздирмайдиган, шабада оҳиста айланиб турадиган, ёмғир ичкарисига урмайдиган, шифт безаклари кўп маъноларни англатадиган айвонни қуриш устадан назарий билим, ҳисоб-китоб ҳам талаб қилади. Бу борада ҳаётим давомида устозлардан кўп сабоқларни олдим. Қадимий обидаларнинг қурилиш усулларини кузатиб, тош, гил, тупроқ хоссаларини, айниқса, ёғоч ўймакорлик сирларини ўргандим.
Кайвонли айвонлар Марказий Осиёнинг аксарият меъморий мажмуаларида бўлган. Бухородаги Лаби Ҳовуз, Қўқондаги Худоёрхон ўрдасидаги айвонлар шифти кайвони услубда қурилгани билан характерлидир. Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги бир неча жоме-масжидларининг олд айвонлари кайвони услубда бўлиб устунлар, тўсин, хари, сурров ва вассалар исломий нақшлар билан безатилган.
Муаррихларнинг шоҳидлик беришича, ХХ асрга қадар ўзбек хонадонларининг айвонлари худди шу услубда қурилган ва бунинг ўзига хос сабаблари бўлган. Маълумки, ўзбек оилалари сони яқин ўтмишда ҳам кўпчиликдан иборат бўлган. Хонадон катталари тўқсон, юз ёшгача умргузаронлик қилишаркан, кайвонли айвон остидаги сўриларда ўтиришган. Ўзаро оилавий, қариндошлик маслаҳат кенгашлари катталар иштирокида ўтказилган. Кайвониларнинг маслаҳатисиз бир ишга қўл урилмаган. Боз устига бундай айвонлар ички ҳовли-уйлардаги хотин-халаж, бола-бақрадан холи бўлган. Бу эса бобо ва бувиларимизнинг маиший турмуш маданияти юқорилигидан далолат беради.

Нафақат шаҳар ҳудудларида, айрим қишлоқ хонадонларида ҳам кайвонли айвонларни учратиш мумкин бўлган.
Уста Фарғона шаҳридаги Ёрмозор академик лицейи рўпарасида, “Нуронийлар маскани”да кайвони айвон қад кўтарди. Шифт тўрт қирра – тўрт фаслга монанд ароқи саррофли, васса жуфтлардан ташкил топган. Ўрта чуқур ҳовузакли бўлиб, у ер шари андозасидан олинган. Унинг атрофи 365 та деталдан иборат. Бу кунларимиз сонига ишора. Юлдузли кошинлар 12 ойга қиёсланиб ўрнатилади. Бир пайтлар кайвонлар чинор, қайрағоч дарахтларидан ясалган. Бугунги кунда қайин дарахти қўл келяпти.
Самарқанд, Бухоро ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам М. Юнусов кайвонли айвонларни қурган. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасида нақшинкор устунли кайвони айвон ва сўри халқ амалий санъатининг, ёғоч ўймакорлиги намуналарини ёрқин ифода этиб турибди. Ўтган йили Пекин шаҳрида Ўзбекистон элчихонасига икки ойда шундай айвонни ўрнатилди.
–Кайвонли айвоннинг қулфи калити бўлади, – дейди уста. – Биз уни барпо этишда жуда кам ҳолатда мих ишлатамиз. Асосан, ёғочларнинг ўзини бир-бирига мустаҳкамлаймиз. Бу айвонларни кейинчалик шундай ҳолатда бошқа жойга олиш, таъмирлаш ҳам мумкин.
Бугунги кунда уста ва шогирдлари аҳоли хонадонларига буюртмалар асосида кичик айвонларни қуриб бермоқда. Уларнинг нархи навосига қизиқдик.
–Бу айвонлар қандай ёғоч ишлатиши ва нақшларига қараб баҳоланади, – дейди М. Юнусов. – Лекин ҳеч қачон мана шунча пул бўлади деб айтмаганман. Тўғриси, энг қиммат кичик айвонни 60 миллион сўмга тайёрлаб берганмиз.
Ота меросни асраб-авайлаб келаётган уста бугун янада улкан мақсадларни олдига қўйган. Ўзбек брендига айланаётган ҳунармандчилик довруғини дунёга танитмоқда.
