Каспий денгизида машғулот ўтказаётган 9 нафар қозоғистонлик ҳарбий ҳалок бўлди
24 сентябрь куни Каспий денгизи соҳилида ўқув-жанговар топшириқни бажараётган қозоғистонлик ҳарбийлар билан нохуш ҳодиса юз берди. Қардош мамлакат Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, бахтсизликка об-ҳаво тўсатдан ёмонлашиши ва кучли шамол туриши сабаб бўлган.
Фожеа оқибатида тўққиз нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, уч киши қутқарилди, қолганлар қидирилмоқда. Қутқарув амалиётига Ҳарбий-денгиз кучлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, авиация бўлинмалари ҳамда бошқа тегишли хизматлар жалб этилган.
Ҳукумат вафот этганларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, уларнинг оилаларига зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тафсилотни ўрганиш учун махсус тезкор-тергов гуруҳи тузилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА