“Касблар фестивали” ёшларнинг иқтидорини намоён этди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилояти Бобур шаҳрида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг замонавий касбларга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “Касблар фестивали” ташкил этилди. Унда вилоятдаги техникумлар, касб-ҳунар мактаблари ва профессионал таълим муассасалари фаол иштирок этди.
Фестиваль доирасида таълим муассасалари томонидан ўз йўналишлари бўйича кўргазмалар, амалий чиқишлар ва тақдимотлар ўтказилиб, иштирокчиларга турли касбларнинг ўзига хос жиҳатлари кенг намойиш этилди.
Тадбирда тиббиёт, ахборот технологиялари, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, тикувчилик ва ошпазлик каби соҳалар бўйича ўқувчиларнинг амалий ишлари намойиш қилинди. Ёшлар томонидан тайёрланган инновацион лойиҳалар, стартап ғоялар ва касбий маҳорат намуналари қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, фестиваль доирасида маҳорат дарслари, очиқ мулоқотлар ҳамда касб танлашга оид тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Уларда ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касблар, янги имкониятлар ва профессионал таълимнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-29596]
Таъкидланганидек, бундай тадбирлар ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни муайян касб эгаллашга рағбатлантириш ҳамда бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА