Кардиохирургиянинг долзарб муаммолари
Бухорода илк марта “Кардиохирургия ва ангиографиянинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Уч кун давом этган конференциянинг дастлабки кунида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят масъул мутасаддилари, қолаверса, чет эл ҳамда юртимиз етакчи клиникаларидан юқори малакали кардиохирург, ангиохирурглар ҳамда интервенцион кардиологлар, илмий тадқиқотчи мутахассислар қатнашди.
Халқаро анжуман иштирокчилари долзарб мавзу юзасидан Россия Федерацияси Москва шаҳридаги Россия Халқлар дўстлиги университетининг Тиббиёт институти доценти Даниил Максимкин, Ханти Мантийск автоном округи клиник касалхонаси кардиохирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Сергей Стефанов ҳамда рентген-эндоваскуляр хирургия бўлими мудири Прохор Павлов ва бошқаларнинг илмий ишлари самарадорлиги, кардиохирургия ва ангиография соҳасидаги изланишлари тўғрисидаги маърузаларидан баҳраманд бўлди.
Конференциянинг иккинчи куни амалий ва назарий билим ва кўникмалар уйғунлигида ўтди. Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали операцион блокида 18 та турли хил кардиохирургик операция ва рентген-эндоваскуляр аралашувлар ўтказилгани ёш мутахассислар учун маҳорат дарси бўлди. Жумладан, шу куни 4 нафар беморда аорто-коронар шунтлаш операцияси, 3 нафар беморда бачадон артерияларини эмболизацияси, 2 нафар беморда юракка икки камерали доимий кардиостимулятор ўрнатиш, шунингдек, 9 нафар беморда коронароангиография ва коронар томирларни стентлаш операцияси муваффақиятли амалга оширилди.
Соҳа мутасаддилари ва тор доирадаги врачларнинг ўзаро тажриба алмашинуви, халқаро илғор тажриба ва усулларни ўзлаштириш амалиётига айланган мазкур халқаро анжуманнинг якуний кунида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида турли юрак нуқсони ва касалликларига учраган юздан ортиқ бемор аҳволи қайта ўрганилиб, тегишли даво муолажалари белгиланди. Уларда жумладан, электрокардиография ва эхокардиография, рентгенография, хольтер бўйича суткалик ЭКГ мониторинги, велоэргометрия каби текширув ва тиббий кўриклар натижасига биноан тавсиялар ишлаб чиқилди.
[gallery-10008]
Мазкур чуқурлаштирилган ўрганишлардан сўнг 16 нафар беморга жарроҳлик амалиёти учун йўлланма берилди. Умуман, халқаро конференция тиббиётда яна бир долзарб тармоқни пухта ўзлаштириш ва юқори самарадор усулларни ўзимизда қўллаш юзасидан конструктив аҳамиятга эгалиги билан ажралиб турди. Бу албатта, юртимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Маълумот учун, Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такоммиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида 2023 йилда кардиохирургия ва ангиография хизматини жорий этиш кўзда тутилган. Бунинг учун, филиал Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 4 миллиард сўм сармоя ҳисобига сунъий қон-айланиш аппарати – АИК ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига махсус кардиохирургик операцияларни бажариш учун тиббий асбоб-ускуна ва анжомлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида кардиохирургия ва ангинография хизматини кенг татбиқ этиш учун замонавий ангиохирургия биносини барпо қилиш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 миллиард сўм миқдорида сармоя молиялаштирилгани ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги яна бир муҳим янгиликдир. Ўтказилаётган бу каби тадбирлар соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илғор юқори технологияни татбиқ этган ҳолда каминвазив даво усулларини, шу билан бирга инновацион ғояларни амалиётга жорий қилиш, даволашнинг сифат ва самарадорлигини ошириш кафолатидир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА