Карантин кўриги далолатномаси автоматик равишда расмийлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фитосанитария тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, карантин остидаги маҳсулотларни хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олиш қуйидаги асосий мезонларга мувофиқ амалга оширилади:
карантин остидаги маҳсулотларнинг зарарли организмларни ташувчанлик хусусиятидан келиб чиқиб юқори, ўрта ва паст фитосанитар хавф даражаси;
карантин остидаги маҳсулотдан фойдаланиш мақсадлари (экиш, истеъмол қилиш, қайта ишлаш ва бошқалар);
маҳсулот ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинаётган давлатнинг фитосанитар ҳолати;
маҳсулотга ишлов берилганлик даражаси (хом, ярим тайёр, қайта ишланган ва бошқалар);
маҳсулот импорти назоратида карантин аҳамиятига эга зарарли организмларнинг аниқланганлик ҳолатлари;
г) фитосанитар назорат ўтказишда хавфни бошқариш тизими фақат ҳужжатли текширувга йўналтирганда карантин остидаги маҳсулотлар учун берилган бир ариза асосида карантин кўриги далолатномаси автоматик равишда расмийлаштирилади. Бунда юк идентификация қилишга ва жисмоний назоратга йўналтирилмайди ва юк эгасининг хоҳишига кўра божхона омборларига жойлаштирилмасдан эркин муомалага чиқарилади;
д) карантин остидаги маҳсулотларни фитосанитария назоратининг хавф профиллари ва мезонларига асосланган хавфларни бошқариш тартиби Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.
2026 йилнинг август ойидан бошлаб синов тариқасида бир йил давомида мева-сабзавотларга ихтисослашган туманларда маҳсулотларни етиштиришдан экспортгача бўлган занжирда фитосанитар назоратни амалга оширишда карантин инспекторининг ички фитосанитария сертификатини расмийлаштиришдаги айрим функцияларини бажаришга кўмаклашувчи жамоатчи инспектор фаолияти йўлга қўйилади.
Жамоатчи инспекторликка талабгорлар "Edukarantin.uz" платформаси орқали онлайн ўқув курсларида ўқитилади. Қўмитада ташкил этиладиган танлов комиссияси хулосаси асосида онлайн ўқув курсларини тамомлаган талабгорлар билан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилади. Ҳудудий бошқармалар билан шартнома тузган талабгорларга Қўмита томонидан гувоҳнома, Қўмитанинг логотипи туширилган нимча, бош кийим (кепка) ва махсус жиҳозлар берилади.
Жамоатчи инспекторлар фаолиятини Қўмитанинг ахборот тизими орқали баҳолаш тизими йўлга қўйилади. Жамоатчи инспекторлар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларидан (KPI) келиб чиққан ҳолда ушбу фаолият давом эттирилади. Инспекторлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда жамоатчи инспекторларнинг хулосаси асосида расмийлаштирилган ҳар бир ички фитосанитария сертификати тўловининг Жамғармага йўналтириладиган қисмининг 50 фоизи уларга тўлов сифатида йўналтирилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб олиб кирилаётган фитосанитар хавфи юқори бўлган карантин остидаги уруғлик ва кўчат маҳсулотлари фитосанитар назоратдан ўтказилгунига қадар уларни сақлаш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар (омборлар)га қўйилган фитосанитар талабларга мувофиқ бўлган жойларда сақланади, маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситаларида божхона омборларига туширилмаган ҳолда вақтинча сақлаш бундан мустасно.
Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда маҳсулот таркибидаги пестицид ва нитрат қолдиқ миқдорларининг импортчи давлатлар томонидан қўйилган талабларга мувофиқлигини аниқлашда маҳсулот етиштирилган экин майдони ҳамда ҳосил ҳажмидан келиб чиқиб аккредитациядан ўтган лабораторияларда текширилганлиги тўғрисидаги ижобий хулоса тақдим этилади ёки "Agroko'makchi" мобиль иловасидаги "дала дафтари"га маҳсулотларни етиштириш давомида пестицидлардан фойдаланиш тўғрисидаги киритиб борилган маълумотлар инобатга олинади.
Аккредитациядан ўтган лабораториялар ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари ва нархлари тўғрисидаги маълумотлар Қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Маҳсулотлардан намуна олиш учун зарур бўлган сарфлаш материаллари ва намуналарни лабораторияларга етказиб бериш хизматлари хусусий сектордаги лабораториялар билан келишув асосида кўрсатилади ҳамда мазкур хизматларни кўрсатишда юзага келадиган ҳақиқий харажатлар лабораториялар томонидан белгиланган тартибда қопланади.
2029 йил 1 январдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти фақат агрологистика марказлари орқали амалга оширилади.
ЎзА